Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳкумдан 7,5 минг доллар талаб қилган шахслар ушланди
10:14 / 2026-01-20

Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонада шифокор лавозимида ишлаб келаётган ходим ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, маҳкумга тамагирлик қилгани маълум бўлди.

У маҳкумга Жиноят кодексининг 96-моддасида назарда тутилган мажбурий даволаш чорасини 95-модда асосида бекор қилиб бериши мумкинлиги, бу эса 7,5 минг АҚШ доллари бўлишини айтган.  

Мазкур муассасада даволанаётган маҳкум бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Жазони ижро этиш департаменти бўйича бўлимига маълум қилган.  

Колония шифокори Тошкент вилоятининг кўп тармоқли поликлиникасида жарроҳ бўлиб ишловчи таниши орқали ушбу пулларнинг 1,5 минг долларини жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг укасидан олгани, айтилган пулнинг қолган қисмини беришни талаб қилиб келаётгани қўшимча қилинган.  

Жазони ижро этиш департаменти ахборот хизматидан маълум қилишларича, маҳкумнинг аризасига асосан тезкор тадбир ўтказилган. Шифокорлар келишилган пул маблағларини олаётган вақтда Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Жазони ижро этиш департаменти бўйича бўлими ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳар қандай лавозим, аввало, масъулиятдир. Қонунни четлаб ўтишга уриниш, мансабдан фойдаланиб пора талаб қилиш муқаррар равишда жавобгарликка олиб келади.

Н.Абдураимова,

ЎзА