Бугунги кунда юртимиздаги саноат корхоналарида маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга, мавжуд хом ашё ресурслари ва имкониятлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса ўз навбатида нафақат импортни қисқартириш, балки асосий иқтисодий кўрсаткичларнинг яхшиланишига ҳам олиб келмоқда.
“Навоийуран” давлат корхонаси Маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи Хуршид Камалов ЎзА мухбирига 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида маҳаллийлаштириш дастури асосида маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёни ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Ўтган олти ой давомида корхонамизда 15 та лойиҳа доирасида 105 турдаги, қиймати 60 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Лойиҳаларнинг 7 таси янги, 8 таси эса кенгайтирилган лойиҳалар ҳисобланади.
Жумладан, “Зафаробод” кон бошқармаси Таъмирлаш-механика цехи томонидан уран концентратини ташиш ва сақлаш учун 210 литр ҳажмли махсус металл контейнерлар, ишлаб чиқариш технологик жараёнларида фойдаланиладиган босимли сорбциялаш колонналари, уран ишлаб чиқариш заводи учун айланма горизонтал қувурли печлар, бурғилаш қувурларини оғирлаштирувчи штангалар, марказдан қочма кимёвий насослар, электр чўктирма насослар ва бурғилаш ускуналари учун эҳтиёт қисмлар ҳамда резина маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

“Нуробод” ишлаб чиқариш майдонига қарашли Пластмасса қувурлари ва маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ҳамда “Собирсой” геотехнологик кони таъмирлаш механика цехида эса поливинилхлорид қувурлар ва бурғилаш ускунаси учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилган бўлса, “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдонининг Сульфат кислотаси ишлаб чиқариш цехи томонидан 900ХНГ русумли совиткич қурилмаси ишлаб чиқарилди.
Жорий йил январь-июнь ойларида корхонанинг ишлаб чиқариш дастурини амалга ошириш мақсадида саноат кооперацияси асосида маҳаллий корхоналардан қиймати 581,5 миллиард сўмлик маҳсулот харид қилинди.
Жумладан, саноат кооперацияси доирасида “Навпромлитмаш”, “Бур Компрессор Навоий”, “Азия-Гормаш”, “Гидро Станко Сервис” МЧЖ каби салоҳиятли маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан бурғилаш ускуналари учун эҳтиёт қисмлар ва асбоб ускуналар, “Навоийазот”, “Олмалиқ КМК”, “Ўзбекнефтгаз”, “Максам Чирчиқ” АЖларидан ҳамда “Zarafshon Industrial Technology” МЧЖ томонидан уран саноати учун зарур бўлган кимёвий реагентлар харид қилинди.
Бугунги кунда корхонамизда импортни қисқартиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Йил бошидан корхона томонидан импорт қилинадиган маҳсулотлар, маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳисобига импортни қисқартириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгилаб олинган эди. Ўтган давр мобайнида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида режа 102,4 фоизга ёки 2024 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 142,1 фоизни ташкил этди.
Бугунги кунда саноат корхоналарида “шатакка олиш” тизими ўз самарасини бермоқда. Бу тизим конструкторлик ва технологик ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда тақдим этиш, техник маслаҳат ва амалий кўмак бериш, шунингдек, биргаликда маҳсулотлар сифатини талаб даражагача етказиш кўринишида янги турдаги импорт товарларини ўзлаштириш бўйича тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи механизм ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 31 октябрь - 1 ноябрь кунлари Навоий вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқларни ижросини таъминлаш мақсадида корхонамиз томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, 2025 йилда “Навоийуран” давлат корхонаси томонидан 17 та маҳаллий тадбиркорлар билан “шатакка олиш” тизими йўлга қўйилди. Улар билан ҳамкорлик натижасида қиймати 195 миллиард сўмлик маҳсулотларни кооперация доирасида ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни харид қилиш белгиланган.

Ўтган давр мобайнида корхона мутахассислари томонидан “шатакка” олинган корхоналарнинг 12 таси билан маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида конструкторлик, технологик ва техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш, техник маслаҳат бериш йўналишларида кўмаклашилмоқда ҳамда “йўл харита”лари асосида ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
“Шатакка” олинган 17 та корхонадан бугунги кунда 12 таси билан электрон кооперация портали орқали қиймати 209,9 миллиард сўмлик маҳсулотлар етказиб бериш бўйича шартномалар расмийлаштирилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 22 январдаги “Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 3-иловасида “Навоийуран” давлат корхонаси томонидан 2025 йилда электротехника маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг расмий диллерлари ҳамда дистрибюторлари орқали харид қилиниши белгиланган.
Мазкур қарорда белгиланган топшириқлар ижросини бажариш мақсадида корхонамиз томонидан ўтган олти ой давомида электротехника маҳсулотлари учун new.ooperation.uz савдо платформасида қиймати 275 миллиард сўмлик шартномалар расмийлаштирилди.
Корхонада маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги ишлар давом этмоқда.
Суҳбатни ЎзА мухбири А.Бўриев ёзиб олди.