Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллий йўлларда хавфсизликка катта эътибор қаратилмоқда
14:07 / 2025-09-03

Боёвут тумани йўллардан фойдаланиш корхонаси ташаббуси билан маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда соҳада амалга оширилаётган ишлар, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Маълумотларга кўра, корхона балансида умумий фойдаланишдаги 174 километр автомобиль йўли мавжуд. Шундан 8 километри халқаро, 51 километри давлат ва 115 километри маҳаллий аҳамиятга эга йўллардир. Ушбу йўллар аҳоли турмуши, иқтисодиёт ва ҳудудий алоқалар учун муҳим аҳамиятга эга.

Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида туманнинг икки чорраҳасига замонавий светофор ўрнатилди. Шу билан бирга, Дўстлик ва Пахтакор маҳаллаларида йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида темир конструкцияли икки автобекат қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу тадбирлар нафақат ҳаракат хавфсизлигини кучайтирди, балки аҳолига қулайлик ҳам яратди.

Йўлларни сақлаш ва таъмирлаш ишлари доимий равишда олиб борилмоқда. Жумладан, Марказ, Муқимий, Бобо юрт, Олмазор ва Уч турғон маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятига эга йўлнинг 30–46 километр оралиғидаги носозликлар асфальт-бетон қопламаси билан бартараф этилди.

Айни кунларда эса Ширин маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 20 V 045  автомобиль йўлининг 2–5 километр қисмида таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Лойиҳа Осиё тараққиёт банки маблағлари асосида амалга оширилаяпти.   Тендер асосида танланган пудратчи ташкилот 2,8 километр масофага сементбетон қоплама ётқизишни режалаштирган. Бу йўналишдаги ишлар тугатилса, маҳаллий аҳоли учун янада хавфсиз ва барқарор йўл инфратузилмаси яратилади.

Очиқ мулоқотда йўллардан фойдаланиш жараёнидаги мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш чоралари, келгуси режалар ҳам муҳокама қилинди. Жамоатчилик вакиллари йўлларда хавфсизликни таъминлаш ва аҳоли учун қулайлик яратиш борасида амалга оширилаётган ишларга ижобий баҳо берди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири