Ўзбекистонда инфратузилма лойиҳаларини узоқ муддатли ва барқарор молиялаштириш масаласи кун тартибидан тушмаяпти. Мамлакатда капитал бозорининг ривожланиши, маҳаллий валютадаги инструментларнинг кенгайиши ҳамда банклар учун узоқ муддатли ресурслар базасини шакллантириш ДХШ лойиҳаларини самарали амалга оширишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Шу боис, Тошкентда ўтказилаётган III Давлат-хусусий шериклик давра суҳбатининг иккинчи кунида маҳаллий валютада молиялаштириш улушини ошириш, деривативлар бозорини ривожлантириш ва регулятив механизмларни такомиллаштириш бўйича амалиётдаги имкониятлар ва қадамлар муҳокама қилинди.
Бу ҳақда “Infrasia Capital” компанияси бош директори ва ҳаммуассиси Одилбек Исоқов шу ҳақда ўз муносабатини билдирди:
– Ўзбекистонда ипотека ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга оширилган узоқ муддатли молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ДХШ лойиҳаларига ҳам татбиқ этилиши мумкин. Масалан, ҳукумат томонидан банкларга ажратиладиган 15-20 йиллик ресурслар ипотека учун қайта тақсимланиши буни кўрсатиб турибди. Бундай ёндашув банклар учун инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришда узоқ муддатли манбага айланиши мумкин.
Ҳозирги кунда ички облигациялар бозори чекланган, корпоратив облигацияларнинг 5-10 йиллик муддатда эркин чиқиши учун инфратузилма етарли эмас. Ҳукумат 5 йиллик облигациялар чиқармоқда ва баъзи ҳолатларда эса 10 йиллик муомалага киритилган. Лекин иккиламчи бозорда ликвидлик пастлиги ва банкларнинг деривативлар билан ишлаш малакаси мавжуд эмаслиги узоқ муддатли инструментлар ривожига тўсиқ бўлмоқда. Шу билан бирга, ўзбек сўмидаги энг узоқ своп муддати 3 йил бўлиб, бу ҳам халқаро шериклар орқали амалга оширилаётган қиммат инструмент ҳисобланади. Деривативлардан фойдаланиш имкони фақат фоиз ставкалари барқарор ва паст даражага тушган ҳолатда кенгайиши мумкин.
Илк амалий қадам сифатида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларда молиялаштиришнинг маълум қисми (масалан, 5-10 фоиз) ўзбек сўмида белгиланиши мумкин. Бундай лойиҳаларда ҳукумат оффтейкер сифатида иштирок этиб, банкларни жалб қилиш ва маҳаллий валютадаги инструментлардан фойдаланиш йўлга қўйилади. Шунингдек, ҳозирги шароитда 5 йиллик ҳукумат облигациялари 15-15,5 фоиз атрофида чиқарилаётгани, халқаро талаб ҳам шу даражада экани ҳисобга олинса, банклар оладиган хавф асосан ҳукумат хавфига тенглашади. Бу регулятив нуқтаи назардан бундай инструментларни ҳукумат облигацияларига яқин деб баҳолаш имконини беради.
Марказий банкнинг ликвид инструментлар бўйича талаблари ҳам банклар учун резерв нормативларини камайтириб, маҳаллий валютадаги активларга қизиқишни оширади. Шу усул ДХШ лойиҳаларига татбиқ этилса, банклар камида 5 йиллик муддатга кредитлар беришни бошлаши мумкин. Бу эса банк мутахассислари малакасини ошириш ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда халқаро молия институтлари томонидан лойиҳаларни қисман ўзбек сўмида молиялаштириш тартибини талаб этади.
Халқаро ечимлар нуқтаи назаридан, муаммони тўлиқ ҳал қиладиган барқарор механизм ҳозирча мавжуд эмас. Лекин Ўзбекистоннинг макроиқтисодий барқарорлиги ошгани сари, айрим йирик институционал инвесторларда маҳаллий валютадаги 5-7 йиллик облигацияларга қизиқиш пайдо бўлмоқда. Бу имкониятдан фойдаланиб, дастлаб кичик ҳажмлардаги лойиҳа инструментларини (10-15 миллион доллар атрофида) амалга ошириш ва бундай инвесторлар билан ишлаш фойда беради.
Хулоса қилиб айтганда, узоқ муддатли молиялаштириш ва маҳаллий валютадаги инструментлардан фойдаланиш ДХШ лойиҳаларида самарали қўлланилиши мумкин. Бунинг учун ҳукумат, банклар ва халқаро молия институтлари ҳамкорликда ишлаши, банк мутахассислари малакасини ошириши ва инфратузилмани молиялаштиришга ихтисослаштирилган компаниялар фаолиятини ривожлантириши зарур. Шу йўл билан банклар узоқ муддатли кредитлар бериш имкониятига эга бўлади ва маҳаллий валютадаги инвестицияларнинг самараси оширилади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.