Қарши шаҳрида навбатдаги ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси иш бошлади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, республикадаги йирик тармоқ корхоналари, вазирлик ва идоралар ўртасида тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтиришга қаратилган тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар иштирок этмоқда.
Ярмарка доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг саноат салоҳияти, хомашё ресурсларини қайта ишлаш ҳолати ва истиқболлари, ишлаб чиқариш инфратузилмаси, чет эл инвесторлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, импорт номенклатураси, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳа таклифлари намойиш этилмоқда.
– Учинчи бор анъанавий тарзда ўтказилаётган ярмаркада корхоналарнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, кейинги йиллар учун саноат маҳсулотлари ва хизматларини корхона портфели асосида шартномалар имзолашни режалаштирганмиз, – дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ департаменти бошлиғи Жамолиддин Умрзоқов. – Хабарингиз бор, ўтган ойда “Зеварда” сиқув компрессор станциясида кенг жамоатчилик иштирокида корхоналарнинг 2023 йил учун эҳтиёжлар портфели намойиш этилган эди. Айнан ўша намойишдан келиб чиқиб бугун биз бевосита аниқ шартномалар имзолашни мақсад қилганмиз. Ўтган йили ҳам ярмаркаларда фаол иштирок этиб, 400 миллиард сўмга яқин шартномалар имзоланган. Бу йил ҳам режалар катта.
Таъкидлаш лозимки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ташаббуси билан жорий йилдан бошлаб, саноат ярмаркаларига илмий муассасалар, тадқиқот институтларининг олим ва тадқиқотчилари ҳам таклиф этилган. Мақсад, улар билан инновацион ишланмалар, инвестиция лойиҳаларининг истиқболи ҳақида бевосита муҳокамалар ўтказишдир.
Шунингдек, ярмарка давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида яқин ўн йилликда амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳалари намойиши ҳам кутилмоқда. Бу лойиҳалар бевосита ресурс базаси ва корхона эҳтиёжлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, давлат хусусий шерикчилиги асосида ҳам амалга ошириш режалаштирилмоқда.
[gallery-9045]
Ярмарка қарийб 4,5 минг квадрат метр павильонда ташкил этилиб, 150 дан ортиқ маҳаллий ва республикадаги саноат ишлаб чиқариш корхоналари ўзларининг мингга яқин маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Хусусан, Республика миқёсидаги тармоқ ва уюшмалар таркибидаги корхоналар, Тошкент шаҳридан, шунингдек, қўшни Бухоро, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидан 30 га яқин корхоналар ҳам ташриф буюрган.
Бугунги кунда вилоятда 54 та йирик ва 5,4 мингдан ортиқ кичик саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу корхоналар томонидан 2022 йилнинг ўтган даврида 13,2 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ва 2,8 триллион сўмлик истеъмол товарлари ишлаб чиқарилди. Маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ, вилоятда кооперация алоқалари ривожлантирилиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва ассортименти оширилмоқда. Ташкил этилган тармоқлараро саноат ярмаркаси ҳам айни мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
– Корхонамиз 2005 йилда ташкил топган бўлиб, бугунги кунда графит маҳсулотлари ва полимерлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади, – дейди “KARBON-POLYMER” МЧЖ бош директор ўринбосари Рустам Қурбоналиев. – 2009 йилдан буён нефтгаз корхоналари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Айниқса охирги йилларда Президентимизнинг маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқариш қамрови янада кенгайди. Хусусан, ўтган йилда мамлакатимиздаги нефтгаз корхоналари билан 100 миллион сўмлик 15 та шартнома тузиб, маҳсулот етказиб берган бўлсак, жорий йилда 200 миллион сўмлик 20 та шартнома тузишга эришдик. Кейинги йилда ушбу қамровни янада кенгайтириб, қарийб бир миллиард сўмлик шартномалар имзолашни мақсад қилганмиз. Буларнинг ҳаммаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун яратилаётган имкониятларнинг амалдаги натижасидир.
Ярмарканинг очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев иштирок этди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА