ЎзЛиДеП Навоий вилояти Учқудуқ тумани Кенгаши томонидан “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси доирасида тумандаги “Choco Life” ширинликлар ишлаб чиқарувчи хусусий корхонаси фаолияти ўрганилди.
Ҳудудда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бизнес ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда маҳаллаларда иқтисодий фаолликни ошириш мақсадида ўтказилган тадбирда туман ҳокими Учқун Елмуратов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Галия Райханова, ЎзЛиДеП Навоий вилояти Кенгаши аппарат раҳбари Муҳаммад Эшниёзов ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

“Choco Life” корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган турли хил ширинликлар нафақат туманда, балки вилоят миқёсида ҳам харидорлар эътиборини қозониб келмоқда. Корхонада замонавий ускуналар асосида фаолият йўлга қўйилган бўлиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Айни пайтда бу ерда 30 нафар аёл доимий иш билан таъминланган. Мулоқот жараёнида “Choco Life” корхонаси раҳбари С.Элова ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ҳамда янги бозорларга чиқиш бўйича режаларини гапириб берди. Таъкидланганидек, “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси доирасида бундай ўрганишлар изчил давом эттирилиб, жойларда фаолият юритаётган ташаббускор аёлларни ҳар томонлама рағбатлантириш, уларнинг тажрибасини оммалаштириш, муаммоларини жойида ижобий ҳал этиш ва янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш устувор вазифа бўлиб қолади. Мазкур тадбир ҳудудда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва фаоллигини мустаҳкамлаш ҳамда маҳаллалар иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
А. Бўриев, ЎзА