Бугунги кунда дунёда сутни қайта ишлаш юқори технологияли, экспортга йўналтирилган саноат тармоғига айланган.
Масалан, Европа давлатлари сифат ва стандартлар билан, Янги Зелландия экспорт модели билан, АҚШ эса инновацион ёндашув билан етакчилик қилмоқда. Бу борада юртимизда ҳам кейинги йилларда юксалишлар кўзга ташланмоқда.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда мамлакатимизда энг кўп сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш географияси Самарқанд, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларига тўғри келади.
Жумладан, Хоразм вилоятида йил давомида умумий ҳажмда бир миллион тоннадан ортиқ сут ишлаб чиқарилган бўлиб, соғиб олинган жами сут ҳажмининг асосий қисми —150 минг тоннаси Урганч тумани чорвадорларининг ҳиссасидир.
Бугунги кунда аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таьминлаш энг муҳим масалалардан бири хисобланади. Шу жиҳатдан сутни қайта ишлаш корхоналари фаолияти алоҳида аҳамият касб этади.
Туманда жойлашган “TILLO DOMOR” корхонаси янги “DAMAR” бренди остида қиймати 10 млн долларлик сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаб, табиий пишлоқ турлари ва соф сут маҳсулотларини кенг ассортиментда харидорларга тақдим этмоқда.
Маҳсулотлар табиий сутдан тайёрланган бўлиб, республикамиздан ташқари Марказий Осиё мамлакатлари аҳолисига ҳам сифатли ва қулай нархларда етказиб берилмоқда.
[gallery-27064]
—Дунё стандартлари даражасида маҳсулот тайёрлаш, ишлаб чиқариш жараёнларида замонавий технологиялар ҳамда қатъий назорат тизимини яратиш билан маҳалий ва жаҳон бозорида рақобатбардошликни таъминлаш мумкин, — дейди корхона раҳбари Ферузбек Қуронбоев. – Корхонамиз ўтган йили янги қувват билан ишлай бошлади. Олдинлари йилига 20 тонна сутни қайта ишлаётган бўлсак, ҳозирда 50 тоннадан ортиқ сутни янги маҳсулотга айлантирмоқдамиз. Маҳсулотларимиз тури ҳам ўттизтадан элликтага ошган.
Мутахассисларнинг фикрича, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш учун сутни чуқур қайта ишлаш, халқаро стандартларга амал қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу тажрибалар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади.
—Биз ушбу корҳона билан 2016 йилдан буён ишлаб келамиз, —дейди германиялик технолог Karlxayns Rox. —Европа бўйлаб янги тизимларни ва уларнинг қандай ишлашини кўриб чиқдик. Кейин биргаликда концепция, лойиҳа ишланди. Бу борада чет эллик ҳамкорлар билан музокаралар олиб бордик. Маҳаллий тадбиркор лойиҳа учун катта маблағ тикди. Натижада замонавий бино ва экспортбоп маҳсулот олиш имконияти пайдо бўлди. Ўйлайманки, корхона нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки вақт ўтиб Европага ҳам экспортни амалга оширишни бошлайди.
Айни дамда корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар маҳаллий бозорлардан ортаётгани йўқ. Бироқ халқаро компаниялардан ҳам қатор таклифлар келмоқда.
—Корхонамиз халқаро стандартларга мос маҳсулотлар тайёрлаш имкониятига эга бўлди, —дейди корхона раҳбари Ферузбек Қуронбоев. – Эндиликда экспорт бўйича ҳам илғор давлатлар билан рақобатда устунликни таъминлашга эришишни мақсад қилганмиз. Айни дамда корхонада ишчилар сони 100 нафарни ташкил этади. Ишчилар сони камроқ бўлиши мумкин. Корхонамиз катта бўлгани билан унда инсон омили минимал даражада.Бу эса ишлаб чиқаришда сифат ва тозаликни оширади.
Сутни қайта ишлаш соҳаси қишлоқ хўжалиги ва саноатни боғловчи, мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга йўналишлардан бири. Ана шунинг учун ҳам шу йўналишда фаолият юритаётган маҳаллий тадбиркорлар давлат томонидан қўллаб-қувватланяпти. Натижада янги иш ўринлари, маҳсулот тури ормоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари