French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича янги тизим
13:04 / 2021-05-05

Ўзбекистон улкан бунёдкорлик мамлакатига айланди. Янги турар жой мавзелари, йирик саноат корхоналари, инфратузилма объектлари барпо этиляпти. Ҳисоб-китобларга қараганда, 2020 йил давомида 87,8 триллион сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. Бу саъй-ҳаракатлар тармоқнинг 9,1 фоизга ўсишини таъминлаган.

Энг асосийси, қурилиш ишларининг 70,5 фоизи иқтисодиётнинг янги ишлаб чиқариш қувватлари, турар жой ва ижтимоий объектларни қуришга тегишли. Бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. 2016 йилда қурилиш ишлари ҳажми 32 триллион сўмдан ошмаган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 2,7 баробарга кўпайди ва қурилиш индустриясининг ЯИМдаги улуши 7 фоизга тенг бўлди.

Табиийки, бу аввало қурилиш материалларига бўлган талабни бир неча баробарга оширди. Тўғри, сўнгги тўрт йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 3,2 баробарга ўсди. Таққослаш учун 2016 йилда тармоқда 6,8 триллион сўмлик, 2020 йилда эса 22 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланган. Бироқ маҳсулотлар ҳажми ва тури ички эҳтиёжларни тўла қоплашга камлик қилади.

2020 йилда жаҳон қурилиш материаллари бозорининг қиймати 1 триллион долларни ташкил этган. Коронавирус пандемияси таъсирида кечган 2020 йилда мамлакатимиз қурилиш саноати ҳам сезиларли даражада юксалди. Эътибор қаратадиган бўлсак, шу пайтгача умуман ишлаб чиқарилмаган газабетон блоклари, гулқоғоз, қуйма пол, 600 маркали цемент каби 10 дан зиёд қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш айнан ўтган йилда ўзлаштирилди.

Гарвард университети тадқиқотларига кўра, мамлакатимиз 50 дан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўзига хос имкониятига эга. Шу сабабли, маҳаллий саноатни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш давлатимиз раҳбарининг диққат марказида.  

Энг муҳими, айни йўналиш янада тараққий этишига шак-шубҳа йўқ. Чунки, эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 24 та туман қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 апрель куни ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида шулар хусусида маълум қилинди.

 Ушбу йиғилишда ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама этилди. Мақсад маҳаллий хом ашё асосида қўшимча қиймат занжирини ҳосил қилиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини камида уч баробарга кўпайтиришдан иборат.  

Қурилиш материаллари, уй жиҳозлари, маиший хўжалик моллари, кийим-кечак ва озиқ-овқат аҳоли энг кўп харид қиладиган товарлардан. Уларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш осон ва арзон. Қолаверса, бу йўналиш қишлоқларга саноат кириб бориши, одамлар иш билан таъминланишида ҳам муҳим омил.

Масалан, сўнгги уч йилда мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 бараварга ошган. Лекин маҳсулотлар ҳажми ва турлари ҳали ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаётгани йўқ. Умуман, ўтган йили қарийб 1 миллиард долларлик қурилиш материаллари импорт қилинган.

Маҳаллий саноатни ривожлантиришда жорий этилаётган янги тизим ички талабни ўрганиш, импортни таҳлил қилиш, ресурс базасини аниқлаш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш занжири асосида ташкил этилади. Бу ерда муҳим жиҳат – маҳаллий саноатнинг ҳар бир йўналиши бўйича ҳудудлар бўйича алоҳида-алоҳида дастурлар ишлаб чиқилади.

“Ўзсаноатқурилишбанк” саноат лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, илғор технологияларни жорий этиш ва бир вақтнинг ўзида икки йўналишда олиб борилаётган ишларни молиялаштириш бўйича масъул сифатида белгиланган.  

Хўш, бу борада банк қандай вазифаларни амалга оширади?

– Давлатимиз раҳбари томонидан банк олдига шундай асосий вазифа қўйиляптики, эндиликда банк саноат қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи уюшманинг том манодаги ташқи бошқарувчисига айланяпти, – дейди  “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқаруви раисининг ўринбосари Зафар Азимов. – Бу борада ишни биринчи навбатда бошқарув тизимини вертикал ҳамда горизонтал равишда қайта ўзгартиришдан бошлаймиз. Тадбиркоргача тушиб борадиган тизим яратилади. Ушбу йўналишга келадиган бўлсак, банкда алоҳида консалтинг компанияси очилади. Барча ҳудудий бошқармаларда консалтинг марказлари ташкил этилади. Консультатив марказлардаги менежерлар томонидан тадбиркорга бизнес лойиҳани, унинг техник-иқтисодий асосномасини ишлаб чиқиш, умуман, лойиҳанинг бошидан охиригача менежерлар томонидан кузатув амалга оширилади. Ҳар бир йўналишнинг ўзига хос хусусияти бор. Унга билим, тажриба керак. Шу мақсадда биз Қурилиш материаллари ўқув марказини ҳам ташкил қиляпмиз. 65 хил турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш бўйича илмий, асосланган қўлланмаларни жорий этиш режалаштирилган.

Мисол учун, ҳозир жуда кўп турар жой қуриляпти. Бозорга янги маҳсулот кириб келган, яъни газаблок. Мана шунга ўхшаган йўналишдаги ишлаб чиқаришларнинг ҳар бири бўйича алоҳида ўқув-амалий қўлланма ишлаб чиқарилади. Бу,айниқса, ёш тадбиркорлар ёки соҳага энди кириб келган бизнесменларга тайёр намуна сифатида берилади ва тадбиркорлар бундан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин.

– 2021 йилнинг ўзида 221 миллион долларлик 55 та лойиҳани ишлаб чиққанмиз, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев. – Шу билан биргаликда Қораўзак туманини қурилиш материаллари саноатига ихтисослашган драйвер ҳудуд сифатида белгилаб олдик. Чунки Қораўзакда жуда катта имкониятлар бор. Биргина вермикулит мисолида оладиган бўлсак, Қораўзакда аниқланган вермикулит захираси 3,2 миллион тоннани ташкил этмоқда. Вермикулит қўшилган қийматли янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича алоҳида 15 миллион долларлик 6 та лойиҳа ишлаб чиққанмиз. Бу лойиҳалар натижасидаги қўшимча қиймат қўшилади, яъни тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Ҳозир бир тонна вермикулит хомашёси ўртача 200 доллардан экспорт қилинаётган бўлса, биз тайёр маҳсулот сифатида сотадиган бўлсак, нархи уч баробарга ошади. Айниқса, Европа давлатларида вермикулитга бўлган эҳтиёж, қизиқиш шундайки, улар учун вермикулит табиий, экологик тоза маҳсулот ҳисобланади.

Хориж тажрибасидан гувоҳ бўлиш мумкинки, маҳаллий саноат қувватлари иқтисодий ўсишни кескин тезлаштиради. Шунингдек, Чин юртидаги Юнкан шаҳарчаси Хитойнинг технологиялар пойтахти номи билан машҳур. Ҳудудда автомобилнинг эҳтиёт қисмлари, эшиклар, электр жиҳозлари ва ошхона анжомлари тайёрланувчи саноат конхоналарини учратиш мумкин. Бу маҳсулотлар экспорти ҳар йили 4 миллиард долларга яқин даромад келтиради.

Худди шундай эндиликда мамлакатимизнинг 24 та тумани қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади. Ушбу ҳудудларда мавжуд захиралар ишга солинса, албатта, маҳаллий саноат кескин ривожланади.

– Видеоселектор йиғилишида иқтисодиётимиз учун, халқимизнинг иш билан бандлигини таъминлаш учун зарур бўлган энг муҳим масалалардан бири, яъни маҳаллий саноатни, жумладан, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича аниқ топшириқлар, базифалар белгиланди, – дейди Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов. – Шу билан бирга Бухоро вилоятида фойдаланилмаётган имкониятлар кўрсатиб берилди. Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда вилоятимиз ҳудудида, айниқса, Пешку туманининг Жонгелди ҳудуди, Қоровулбозор тумани, Шофиркон туманида табиий қазилма бойликларидан тўлиғинча фойдаланганимиз йўқ. Таҳлилларга кўра, 2020 йилда 34 миллион долларга яқин қурилиш материали вилоятга импорт бўлган. Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, ушбу рақамни 54 фоизга қисқартириш бўйича лойиҳа амалга оширамиз.

Шу кеча-кундузда мавжуд пардозбоп тошлар захирасининг учдан бири, аниқроқ айтганда, 30 фоизидан ҳам фойдаланилмаяпти. Бу кўрсаткич Бухоро вилоятида 11, Қашқадарёда 13, Тошкент вилоятида 15 фоизга тенг. Жорий йилда ушбу йўналишда Пешку туманидаги салоҳият, яъни 24 миллион куб метр табиий қоплама тошлар, 1 миллион 300 минг тонна графит ҳамда 450 минг тонна минерал бўёқлар учун хомашё захиралари ишга солинади.

Янги турдаги қурилиш ва пардозлаш маҳсулотларининг ишлаб чиқариш лойиҳаларига 15 миллиард сўмгача кафиллик берилади. Шунингдек, бундай корхоналарга миллий валютадаги кредитлар бўйича Марказий банк ставкасидан 10 фоизгача ортиқ қисми ва хорижий кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Бундан ташқари, қишлоқ жойларидаги саноат зоналари ҳамда конлар ва карьерлар учун ер солиғи 10 бараваргача камайтирилади. 500 та норуда қазилмалар кони аукцион орқали сотилиб, уларнинг негизида саноат корхоналари ташкил этилади. Шундай имкониятлардан фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги лойиҳалар эвазига маҳсулот турларини кўпайтириб, импорт ўрнини тўлдириш мумкин, албатта.

Қурилиш материаллари тармоғида бўлганидек, бошқа саноат маҳсулотлари бўйича ҳам ихтисослашган туманларни белгилаб олиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш иқтисодий жиҳатдан юқори самара беради. Айни мақсадда Учкўприк туманидаги 5 маҳаллада йирик трикотаж кластери ташкил этилмоқда. Режага кўра, кластерда йил давомида 20 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2 миллион долларлик экспорт амалга оширилади. Энг асосийси, 5 та қишлоқнинг 7 минг 500 дан зиёд аҳолиси ўз ишига эга бўлади.

 

Нурилло НАСРИЕВ,ЎзА