Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллий мутасаддилар масъулиятини ошириш зарур
10:08 / 2022-08-23

Бухоро вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан вилоятдаги мавжуд бекатларда йўловчилар ва жамоат транспорти ҳаракатланиши учун яратилган шароитлар ўрганилди.

Вилоят ҳудудида тадбиркорларга берилган жами 574 та жамоат транспорти бекатлари мавжуд. Ўрганишлар давомида аксарият бекатларда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб келинаётгани аниқланди. Бироқ, айрим бекатлар Ўзбекистон Республикаси давлат стандартининг 2017 йил 11 августдаги “Автомобил йўлларидаги автобус бекатлари” умумий техник талабларига зид равишда қурилганлиги ҳам маълум бўлди. Шунингдек, ушбу давлат стандарти талаблари бўйича автобус бекатининг элементларидан реклама жойлаштириш учун фойдаланиш мумкин эмаслиги, бекатда бўлган пиёдалар кўринишини чеклаши мумкин бўлган ташқи реклама воситалари жойлаштирилиши таъқиқланиши кўрсатиб ўтилган бўлсада, ушбу талабларга ҳам риоя қилинмаган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ижросини таъминлаш мақсадида тадбиркорларга берилган шаҳар-туман ҳокимларининг “Бекат ва бекат типидаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси қурилиши учун ер ажратиш тўғрисида” ги қарорларида 60 кв.м дан иборат ер майдони 10 (ўн) йил муддатга вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши, қуриладиган бекатнинг ҳажми 40 кв.м, бекат таркибидаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биносининг ҳажми эса 20 кв.м этиб белгиланганлиги кўрсатиб ўтилган. Афсуски айрим тадбиркорлар бунга риоя қилмасдан ўзлари билганча бекатларни эгаллаб олган. 

[gallery-8450]

 Бухоро шаҳри И.Каримов кўчасидаги “Ёқуб Довуд” номли типография биносининг рўпарасида тадбиркор З.Мансурова томонидан қурилган бекатда йўналишлардаги транспорт воситалари учун кириш ва чиқиш йўлаги йўқлиги аниқланган. Шунингдек, бекатни ифодаловчи белги ва йўналишлар кўрсатилган лавҳалар ҳам қўйилмаган. Йўловчилар кутиш жойи майдони кичик ва ўриндиқлар сони кам. Нотариал идоранинг 2020 йил 30 сентябрдаги олди-сотди шартномасида бекат қурилиши лозим бўлган ер 85 кв.м майдонга эгалиги кўрсатиб ўтилган бўлсада, ҳозирда ушбу кўрсатиб ўтилган ерда қурилган бекат 132.5 кв.м ташкил қилади. 47.5 кв.м майдон ўзбошимчалик билан қўшиб олинган. Худди шу каби ҳолатни М.Иқбол кўчасида жойлашган тадбиркор Ж.Камолов томонидан қурилган Бухоро тиббиёт коллежи бекатида ҳам кузатиш мумкин. 

Бундан ташқари, И.Каримов кўчасидаги “Ҳамкор банк” биносининг рўпарасида жойлашган тадбиркор О.Қурбонов томонидан қурилган бекатда бекатни ифодаловчи белги ва йўналишлар кўрсатилган лавҳалар умуман йўқ. Йўловчилар кутиш жойининг майдони кичик ва ўриндиқлар сони жуда кам. Бухоро шаҳар ҳокимининг 2020 йил 9 мартдаги №885-сонли қарорида 40 кв.м майдонда бекат, 20 кв.м майдонда савдо маиший хизматлар учун фойдаланиш мумкинлиги аниқ кўрсатиб ўтилган. Бироқ,  тадбиркор томонидан 48 кв.м майдонда савдо маиший хизматлари кўрсатилмоқда. Атиги 12 кв.м майдон бекат сифатида қурилган. 

 Бундан ташқари, Бухоро тумани маркази ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги М-37 йўлининг 259 км.да, Бухоро шаҳар – Галаосиё шаҳар йўналишида, тадбиркор Ҳ.Муродов томонидан қурилган бекатнинг умумий ер майдони нотариал идоранинг 2015 йил 16 декабрдаги 990-сонли қарорида жами 100 кв.м этиб кўрсатилган. Бу бекатда ҳам йўловчилар учун кутиш майдончасида ўриндиқлар сони камлиги, майдоннинг асосий қисмидан савдо маркази сифатида фойдаланиб келинаётганлиги аниқланди. Бу каби ҳолатни мазкур бекатнинг қарама- қарши томонида жойлашган Галаосиё деҳқон бозори бекатида ҳам кузатиш мумкин. 

Энг ачинарлиси, мазкур бекатларни қурилиши ва талаб даражасида жиҳозланишини доимий назорат қилиб бориш вилоят ва шаҳар-туман ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарлари, қурилиш бўлимлари ҳамда транспорт бошқармалари зиммасига юклатилган. Бироқ, мутасаддилар томонидан бу масала бирор маротаба ўрганилмаган ва муҳокамага қўйилмаган. Тадбиркорлар томонидан содир этилган қонун бузилиш ҳолатларига ҳеч қандай муносабат билдирилмаган. Ваҳоланки Вазирлар Маҳкамасининг 434-сон қарори 7-бандида бу борада уларга шахсий жавобгарлик юклатилган. Шунингдек, бундан аввал ҳам вилоят ИИБ ЙХХБ хизмати томонидан ўрганилиб, бекатлар билан боғлиқ ҳолатлар бўйича аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича тегишли идора ва ташкилотларга тақдимномалар юборилган. 

Ушбу масалага жиддий эътибор қаратиб, йўловчиларга қулай шароит яратиб бериш мақсадида бекатлардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш зарур. Бунинг учун маҳаллий ҳокимликларнинг транспорт хизматини назорат қилувчи ўринбосарлари томонидан олиб борилаётган ишларни ўрганиб, йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан депутатлик сўровлари юборилиши керак. Қурилиш комиссиялари томонидан қайта ўрганишлар олиб бориш, мавжуд муаммоларнинг бартараф этилишини алоҳида назоратга олиш шарт. 

 

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА