Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллий маҳсулотлар намойиши
16:45 / 2023-09-22

Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида “Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси” ўтказилди. Унда туризм соҳаси учун тўқимачилик маҳсулотлари, транспорт ва логистика, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги техникаси, мебелсозлик саноати соҳалари учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар иштирок этди.

Ярмаркада республикадан 1200 тадан ортиқ корхона, шу жумладан, 75 та тармоқ ва 1128 та ҳудудий корхоналар иштирок этмоқда. Улардан 210 та корхона стендларда ўз маҳсулотларини намойиш қилди. Ярмарканинг очилишида вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов иштирок этди. Кўргазма павильонларидан жой олган маҳаллий саноат корхоналарида ишлаб чиқарлган маҳсулотлар билан танишди, тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди. 

[gallery-13674]

– Мазкур ярмарка инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги рақамли трансформациялар маркази ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида мунтазам ўтказиб келинмоқда, – дейди Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги бош мутахассиси Оғабек Эшчанов. – Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад мамлакатимизда йирик корхоналар ва кичик бизнес вакиллари ўртасида саноат кооперация алоқаларини янада кенгайтиришдан иборат. Шунингдек, маҳаллийлаштириш ва саноат маҳсулотларининг ҳудуддаги ишлаб чиқарилишини янада ривожлантиришга қаратилган. 

Ярмарканинг биринчи кунида “Ўзтўқимачиликсаноат” ва “Ўзчармсаноат” уюшмалари томонидан тақдимотлар, ўрта ва кичик бўғиндаги тадбиркорлар учун мастер-класс тадбирлари ўтказилди. 

– Бизнинг кичик корхонамизда турли идора ва ташкилотларда меҳнат қилаётган эркаклар ва аёллар учун 50 турдаги махсус кийимлар ишлаб чиқарилади, – дейди Урганч шаҳридаги “Мисс Лора” хусусий корхона раҳбари Бунёд Оллаберганов. – Ўтказилаётган ярмаркада яратилган шароитдан фойдаланиб йирик корхоналар билан шартнома тузишга ва катта миқдордаги буюртма қабул қилишга эришдик. Бу каби тадбирлар, албатта, биз каби тадбиркорлар фаолиятининг янада ривожланиб, кенгайишига муҳим омил бўлади. 

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА