Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини янги тизим асосида ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, хорижий тажриба таҳлили асосида, ўрта ва узоқ муддатда маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилиб, тасдиқлаш амалиёти йўлга қўйилади.
Дастурлар қуйидагилар кесимида шакллантирилади:
драйвер соҳалар (фармацевтика, электротехника, электроника ва робототехника, автомобилсозлик, қурилиш материаллари, газ ва нефть кимёси, енгил саноат, озиқ-овқат саноати);
юқори инвестиция салоҳиятига эга базавий тармоқлар (энергетика, тоғ-кон саноати, кимё);
ҳудудлар;
Кенгаш қарори билан белгиланадиган бошқа соҳалар;
б) Дастурлар тармоқ ва ҳудудлар томонидан шакллантирилиб, Агентлик билан келишилади ва Кенгаш томонидан тасдиқланади;
в) Агентлик Дастурларни шакллантириш ва амалга оширишни мувофиқлаштиради ҳамда тармоқ ва ҳудудларга услубий ва амалий жиҳатдан кўмаклашади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб:
а) Агентлик республика ва минтақа бозорини таҳлил қилиб, миллий иқтисодиётга қўшиладиган қиймат занжирларини оширишга хизмат қилувчи ўзлаштириш тавсия этиладиган рақобатбардош маҳсулотлар рўйхатини соҳалар кесимида босқичма-босқич шакллантиради ва эълон қилиб боради;
б) ўзлаштириш тавсия этиладиган рақобатбардош маҳсулотлар рўйхатига киритилган маҳсулотларни ўзлаштирган тадбиркорлик субъектлари билан ўрнатилган тартибда кафолатли харид шартномалари тузилади ҳамда улар Дастурларга киритилади;
в) Агентлик томонидан масъул вазирлик ва идоралар, тармоқ ва ҳудудлар билан биргаликда давлат иштирокидаги ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланиладиган йирик ва аҳамиятли инвестиция лойиҳалари бўйича миллий иқтисодиётга қўшиладиган қийматни қуйидаги мезонлар асосида комплекс баҳолаш амалиёти йўлга қўйилади:
саноат кооперацияси ва қўшилган қиймат занжирларини ривожлантиришга киритиладиган ҳисса;
яратиладиган қўшилган қиймат ва унинг иқтисодий самараси;
маҳаллий кадрларни жалб қилиш кўрсаткичи, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш режаси;
кўрсатилаётган хизматлар ва инфратузилмага таъсир;
технологиялар, инновациялар ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш;
г) йирик ва аҳамиятли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳужжатларда (инвестиция битимлари, маҳсулот тақдимотига оид битим, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва бошқалар) давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ҳамда кафолатлар билан бирга белгиланган мезонлар бўйича кўрсаткичлар назарда тутилади;
д) Агентлик:
маҳаллий ва хорижий корхоналарнинг давлат харидларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш учун "етказиб берувчиларни ривожлантириш" тамойили (vendor development) асосида қўшилган қиймат яратишга қаратилган саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга оширишни ташкил этади;
хорижий ҳуқуқ эгалари билан ҳамкорлик ўрнатиб, уларнинг ишлаб чиқариш технологиялари трансфери, бренд, товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларини маҳаллий тадбиркорлик субъектларига беришга кўмаклашади;
янги маҳсулотни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига мувофиқликни баҳолашдан ўтказиш, лицензиялаш, рухсат бериш, хабардор қилиш, санитария ва бошқа тартиб-таомиллардан ўтишга кўмаклашади;
ж) Агентлик ва унинг ҳудудлардаги лойиҳа офислари белгиланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари – Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ўринбосарлари - вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар, саноат ва савдо бошқармалари бошлиқлари билан ҳамкорликда ишларни амалга оширади;
з) Агентлик директори Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия ҳамда Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссиясининг доимий аъзоси ҳисобланади;
и) Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини шакллантиришда маҳсулотларни ишлаб чиқаришда яратилган қўшилган қиймат улуши қўшимча балл берувчи кўрсаткичларга киритилади;
к) Дастурларга киритилган лойиҳалар доирасида ишлаб чиқариш технологик жараёнида фойдаланиладиган, республикада ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган, тасдиқланган рўйхат бўйича импорт қилинадиган хомашё ва бутловчи буюмлар 3 йил муддатга божхона божидан озод этилади.
ЎзА