Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллий Кенгашлар халқнинг ҳақиқий “овози”га айланади
20:19 / 2025-07-04

Янги Ўзбекистон 2030 йилга бориб қандай қиёфа касб этиши, одамларнинг турмуш фаровонлиги қай даражада ўсишини тасаввур қилиш, назаримизда, бугун қийин эмас. Чунки мақсад ва режалар аниқ, ислоҳотлар шиддатли, қадамлар илдам, натижалар эса  узоқ куттирмайди. Ҳозирданоқ тасаввур ҳосил қилиш имконини берадиган шу омиллар ҳар бир юртдошимиз қалбида келажакка нисбатан юксак ишонч туйғусини уйғотмоқда.

2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини икки баробар ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш, 2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилга нисбатан икки баробарга, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш, мактаб битирувчилари камида иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунар эгаллашини таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳоли, шу жумладан, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун барқарор даромад манбаини яратиш орқали ишсизлик даражасини 7 фоизгача тушириш, ҳудудларда хизмат кўрсатиш ҳажмини уч бараварга ошириш, электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 100 фоизлик маррага кўтариш... 

Рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Улар қаторида яна бир эзгу мақсад бор. У ҳам бўлса “Ўзбекистон – 2030 стратегияси” да белгиланган маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг чинакам “овози” га айлантиришдир.

Ваколатлар янада кенгаяди

Президентимизнинг 2024 йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этиш, халқнинг бевосита ихтиёри асосида қарор қабул қилиш талаб этиладиган жами 33 та ваколат маҳаллий Кенгашлар ихтиёрига ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам белгиланди. 2024 йил 23 июнда эса мазкур Концепцияни тасдиқлаш тўғрисида Президент фармони қабул қилинди. Концепция билан бир қаторда уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.

Хусусан, фармонда маҳаллий даражада халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш, жумладан, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини, фуқароларнинг маҳаллий бошқарувда кенг иштирок этишига оид демократлаштириш жараёнларини мустаҳкамлаш, ижро ҳокимияти органларининг маҳаллий халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлигини ошириш, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида марказлаштириш, ҳар бир бўғиндаги маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш, ваколатларини мувозанатли тақсимлаш, ҳудудлараро савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кучайтириш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари халқаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш каби асосий мақсадлар ўз ифодасини топган.

Дарҳақиқат, маҳаллий Кенгашлар аҳолига энг яқин бўғиндир. Уларга сайланган депутатлар эса қуйида, одамлар орасида бўлиб, уларнинг қувонч ва ташвишлари, ҳудуд муаммоларини нафақат чуқур биладиган, балки ҳал қилиш бўйича таклифларга ҳам эга бўлган халқ вакиллари. Маҳаллий Кенгашлар халқ ва давлат ўртасидаги кўприк, деб бежиз айтилмайди. Шу боисдан ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ташаббускорлигини янада ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Жумладан, фармон билан маҳаллий аҳамиятга молик қатор ваколатларни маҳаллий Кенгашларга ўтказиш белгиланди. Ҳозир ҳокимлар ваколатида бўлган давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари, дафн этиш жойларини сақлаш қоидаларини тасдиқлаш, дафн этиш хизматларини кўрсатиш бўйича тарифлар миқдорини белгилаш шулар жумласидандир. 

Шунингдек, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар бандлигини таъминлаш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш, йўлларнинг айрим қисмларида ҳаракатланиш тезлигини ошириш ёки камайтиришга (тегишли йўл белгилари ўрнатиб) рухсат бериш ваколати ҳам Кенгашларга ўтказилмоқда.

Муаммолар ечимига қаратилган самарали ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бу каби ҳамкорлик механизмларининг татбиқ этилиши, хусусан, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, бу ердаги экологик инқироз оқибатларини юмшатиш, мураккаб шароитда яшаётган аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарадорлигини янада оширишга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Мансабдор шахсларнинг масъулияти ошади фармон билан маҳаллий Кенгашларнинг Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссиясига Кенгаш қарори билан лавозимга тасдиқланадиган, тайинланадиган, лавозимга тайинланишида Кенгаш розилиги олинадиган ҳамда Кенгашга ҳисобдор бўлган мансабдор шахсларнинг ҳам одоб-ахлоқ нормаларини бузганлик бўйича ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда.

Биламизки, ҳудудларни ижтимоий- иқтисодий ривожлантиришга оид масалаларни назорат-таҳлил тартибида ўрганиш ва маҳаллий Кенгашлар сессиялари, доимий комиссиялар, депутатлик гуруҳлари йиғилишларида муҳокама этиб, тегишли қарорларни қабул қилиш, мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш, депутатлик сўрови институтлари бугун ўзининг самарасини бермоқда. Шу билан бир қаторда мансабдор шахс ўрнига унинг ўринбосари ёки бўлим бошлиғи ахборот бериши, қонунчиликда белгиланган муддатларда ўз ахбороти ёки ҳисоботини тақдим этмаслиги, тақдим этилаётган ахборот ёки ҳисоботда керакли маълумотларнинг берилмаслиги, депутатлик сўровига ҳам шу тахлитда жавоб қайтарилиши, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари қарорларига масъулиятсизлик билан қараш ҳолатлари учраб туриши ҳам бор гап. 

Бундай шароитда ижро этувчи ҳокимият органлари ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахсларига нисбатан эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги, интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи органга тақдимнома киритиш каби чоралар кўзда тутилмоқда. Албатта, бу маҳаллий Кенгаш қарори билан лавозимга тайинланадиган ёки лавозимга тайинланишида Кенгаш розилиги олинадиган мансабдор шахсларнинг маҳаллий Кенгаш олдидаги масъулияти ошишига олиб келади.

“Кенгаш соати” деб аталувчи янги назорат шаклининг жорий этилиши, яъни, маҳаллий Кенгашларда депутатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг айрим муҳим ижтимоий масалалар юзасидан ахбороти эшитилиши эса депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалий жиҳатдан янада кучайтиради. 

Депутатлар учун ҳам имконият

Депутат сифатида фармон билан тасдиқланган Концепция ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган қатор аниқ масалалар фаолиятимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилишини алоҳида эътироф этмоқчиман. Масалан, сайловчи оиласи ёки ҳудудидаги қайсидир муаммонинг ҳал этилишида ўзи ишонч билдирган депутатдан умидвор бўлиши табиий. Лекин шундай ҳолатлар кузатиладики, бу муаммони ҳал қилиш алалоқибат маблағ масаласига бориб тақалади.

Шу ўринда “йўл харитаси”да маҳаллий бюджетлар лойиҳасини шакллантиришда ҳудудлар тоифасидан келиб чиқиб, бюджет харажатларининг 3-5 фоизини бевосита маҳаллий Кенгаш депутатларининг ташаббуси асосида шакллантириш, Сенат билан ҳамкорликда “Сайловчи – депутат – ҳоким – Кенгаш” ўзаро ҳамкорлик тизимининг йўлга қўйилиши жуда аҳамиятлидир. Бу депутатнинг сайловчилар орасидаги обрўси ва ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилишдаги имкониятини оширишга хизмат қилади. 

Маҳаллий бюджетни шакллантириш жараёнига маҳаллий Кенгаш депутатларини фаол жалб этиш орқали аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, депутатлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизими яратилади. Шу билан бирга ҳудудий дастурларни шакллантиришда депутат ва “маҳалла еттилиги” иштирокининг таъминланиши – бу нафақат имконият, балки масъулият ҳамдир. Чунки дастурга киритиладиган ҳар бир масалани, энг аввало, чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш талаб этилади. 

“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддаси (депутатнинг транспортда текин юриш ҳуқуқи) нормаларини амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш белгиланди. Шунингдек, ташкилот раҳбари томонидан ўз ходими бўлган депутатларни маҳаллий Кенгаш сессияси, доимий комиссиялари, партия гуруҳлари мажлисларида иштирок этиши, сайловчилари билан учрашувлар, фуқаролар қабулларини ўтказишига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслиги, депутатнинг тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳудудида жойлашган, монеликсиз кириши мумкин бўлган корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар доирасини ва уларга кириш тартибини аниқ белгилаш ва бошқалар назарда тутилмоқда. Бу халқ вакилининг ўз депутатлик фаолиятини тўлақонли амалга ошириши учун шароит ва имконият яратади.

Биз, депутатлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишимизда, янги, самарадор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этишимизда юқоридаги ўзгаришлар айни муддаодир. Ушбу фармонга асосан маҳаллий Кенгаш депутатларининг масъулияти ҳамда ҳисобдорлигини оширишга доир нормаларнинг киритилгани шу жиҳатдан муҳим ва долзарб.

Албатта, фармонда назарда тутилган мақсад ва вазифалар қанчалар кенг қамровли бўлса, шунчалар аниқ ва пухта. Уларнинг ижроси нафақат маҳаллий Кенгашлар ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолияти самарадорлигини оширишга, балки ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш жараёнига янги суръат ва натижадорлик бағишлайди.

Назира Матякубова,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

ЎзА