Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девонининг Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан ҳамкорликда Нукус шаҳар ҳокимлигида “Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини намунали ташкил этишнинг асосий йўналишлари, муаммолар ва ечимлар” мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Семинар иштирокчилари дастлаб Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши фаолияти билан танишди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари О.Атаниязова сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.
[gallery-24233]
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони маҳаллий даражада давлат ҳокимиятини трансформация қилишга, том маънода халқчил тизимни жорий этишга қаратилган муҳим сиёсий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 120-моддаси учинчи бўлимида вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимларидан бирини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида Халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги тўғрисида ёзилган. Вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органлари 2025 йилдан бошлаб фаолият бошлаган бўлса, туман ва шаҳар вакиллик ҳамда ижро этувчи давлат ҳокимияти органлари 2026 йилнинг 1 январдан кучга кириши таъкидланган.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2025 йил 28 январдаги “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини намунали ташкил этиш тўғрисида" ги қарорига асосан, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳар бир ҳудудда биттадан шаҳар ва туман Халқ депутатлари Кенгашининг фаолиятини намунали йўлга қўйиш, иккинчи ярим йилликда эса, ушбу тажрибани бошқа маҳаллий Кенгашлар фаолиятига жорий этиш чораларини кўриш белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикасида Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши намунали Кенгаш этиб белгиланди. Семинарни ташкил этишдан мақсад Нукус шаҳар Кенгашининг тажрибасини ҳудуддаги бошқа маҳаллий Кенгашларга жорий этишдан иборат.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида қонунчилик йўналишида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда, биринчи навбатда, фуқаролар, халқ манфаатини юқори қўйишда, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида маҳаллий Кенгаш депутатларининг ролини янада кучайтириш ва мустаҳкамлаш бугунги сиёсий ҳаётимиздаги долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Семинар иштирокчиларига Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан бошқариш, доимий комиссияларни самарали ташкил этиш юзасидан Нукус шаҳар Кенгашининг тажрибалари тақдим этилди. Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг норма ижодкорлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда қарорлар қабул қилишда қонунийликни таъминлаш, маҳаллий бюджет ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини шакллантириш ҳамда ижросини назорат қилиш, назорат-таҳлил ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти ҳамда Эксперт, Ёшлар маслаҳат гуруҳлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иш тажрибасидан Кенгашлар фаолиятида самарали фойдаланиш каби масалалар муҳокама этилди.
Тадбир иштирокчилари бу борада ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА