Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллий кенгашлар фаолияти янада такомиллаштирилади
16:23 / 2025-07-09

Парламент юқори палатаси биринчи ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари Сенатнинг маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлиги, улар фаолиятига амалий ва услубий кўмак кўрсатиш борасидаги фаолиятини янада кучайтириш зарурлигини қайд этди.

Сенат томонидан кейинги пайтда айнан шу масалага доимий эътибор қаратилмоқда. Маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлик, фикр алмашиш сезиларли даражада яхшиланди. Қонунлар муҳокамаси жараёнида ҳам маҳаллий кенгашлар вакиллари мулоҳазалари инобатга олинмоқда.  

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан эса “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш” концепцияси тасдиқланди.

Концепцияга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари тизимини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва устувор йўналишлар белгиланди. Унга кўра, маҳаллий кенгашлар, уларнинг органлари ҳамда депутатларининг назорат фаолиятини такомиллаштириш, бюджет ва ҳудудларни режалаштириш жараёнларидаги иштироки кучайтирилади.  

Аҳоли муаммолари ва ҳудуд манфаатларига оид муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этиш – “маҳалла еттилиги” – туман (шаҳар) кенгаши – вилоят кенгаши – Сенат” тамойили асосида кучайтирилади. 

Шу кунларда Сенат томонидан “Маҳаллий кенгашлар фаолиятини намунали ташкил этишнинг устувор йўналишлари: муаммо ва ечимлар” мавзусида онлайн ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.  

Сенат аъзолари, Сенат девони ходимлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари ва котибиятлари ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида ташкил этилган семинарда Нукус шаҳар кенгаши фаолияти намунали ташкил этилгани эътироф этилди. Бу тажрибани Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа туман ва шаҳар кенгашларига татбиқ этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Кенгаш биноси замонавий талабларга мувофиқ таъмирлангани, зарур моддий-техник воситалар билан жиҳозлангани айтиб ўтилди. Шунингдек, доимий комиссиялар фаолияти, хусусан, хат-ҳужжатлар юритилиши, сессияларга тайёргарлик кўриш ва масалаларни изчил муҳокама қилиш тизимли равишда йўлга қўйилгани ҳақида ахборот берилди.

Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссия раиси томонидан депутатлик назоратининг кучайтирилаётгани, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари мунтазам эшитилаётгани таъкидланди.

Шу билан бирга, маҳаллий бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссия раиси ҳудудларни ривожлантириш дастурлари депутатлар иштирокида шакллантирилаётгани ва маблағларнинг сарфланиши қатъий назоратда эканини маълум қилинди.

Навбатдаги семинарда Сенатнинг Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази аъзолари, Андижон вилояти ҳамда туман (шаҳар) кенгашлари депутатлари ва котибият масъуллари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди. Унда кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал этишда уларнинг ролини кучайтиришга қаратилган фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Иштирокчилар кенгаш ишини намунали ташкил этиш бўйича илғор тажриба ва амалий ёндашувлар билан ўртоқлашди.

Бу каби тадбирлар давом эттирилади.  

Н.Абдураимова, ЎзА