Президентимизнинг 2024 йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.
Сенат томонидан Концепция ишлаб чиқилишини ташкил этиш комиссияси ва ҳар бир йўналиш бўйича соҳа мутахассисларидан алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Маҳаллий кенгашлар фаолиятида ўзаро ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш йўналиши бўйича ҳам ишчи гуруҳ тузилди.
Мазкур ишчи гуруҳ йиғилишида маҳаллий кенгашларнинг хорижий мамлакатлар ҳудудий вакиллик органлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва мунтазам тажриба алмашишини йўлга қўйиш ҳақида гап борди.

Маҳаллий кенгашлар депутатлари ва котибияти ходимлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишга оид таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Концепцияни ишлаб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишлар белгилаб олинди.
Шу билан бирга, халқ депутатлари кенгашларининг ўзаро ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш соҳасида самарали фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган омил ва сабабларни чуқур таҳлил қилиш, вакиллик органлари фаолиятига оид хорижий тажрибани ўрганиш лозимлиги таъкидланди.
Концепция ҳамда уни амалга ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унинг кенг жамоатчилик вакиллари, хорижий экспертлар иштирокида муҳокамаларини ташкил этиш каби вазифалар ва уларни бажариш муддатлари белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА