Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг вилоятлардаги маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ташаббуси яхши натижаларни бермоқда.
Куни кеча Бухоро вилоятидаги маҳаллий Кенгашлар депутатларининг бир гуруҳи Навоий вилоятига келди. Улар уч кун давомида Навоий вилоят, туман ва шаҳарлар Кенгашларида амалга оширилаётган ишлар, депутатлар фаолияти билан танишиб, ўзаро тажриба алмашади. Шунингдек, вилоятдаги йирик ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари, ижтимоий соҳа объектларида бўлиб, аҳолини иш билан таъминлаш ва фаровонлигини оширишга қаратилган амалий ишлар билан танишади.

Меҳмонлар вилоятнинг Бухоро вилояти билан чегарадош – Қизилтепа туманида кўтаринки руҳда кутиб олинди. Дастлаб бухоролик меҳмонлар намунали ташкил этилган Халқ депутатлари Қизилтепа тумани Кенгаши фаолияти билан танишди. Шу ерда ташкил этилган давра суҳбатини Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши раиси Ғофур Алиев очди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ташаббуси билан ташкил этилган ўзаро тажриба алмашишга йўналтирилган ушбу тадбирлар депутатларнинг иш фаолияти самарадорлигини оширишга, депутатнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда бухоролик депутатлар Халқ депутатлари Қизилтепа тумани Кенгашида яратилган шароитлар, депутатларнинг олиб бораётган ишлари билан яқиндан танишганлиги, жамоатчилик назоратини ўрнатишда ушбу ҳамкорлик яхши натижалар беришини билдирди. Шундан сўнг меҳмонлар Қизилтепа туманидаги “SVS Navoi” корхонасида хотин-қизларга яратилган шароитлар, “Янги аср” МЧЖга қарашли “SOF IN” бренди остида сут маҳсулотларини тайёрлаш жараёнлари, Кармана туманидаги “Навоий эркин иқтисодий зонаси”, “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖдаги ишлаб чиқариш ва технологик янгиликлар, Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши фаолияти билан танишди.

Ушбу тадбирларда ЎзМТДПдан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Бухоролик ЎзМТДП фаоллари Олий Мажлис Сенати аъзоси Мойира Тошова, Халқ депутатлари Жондор тумани Кенгаши котибият мудири Исмоил Холов ҳамда ЎзМТДП Навоий вилояти Кенгаши раиси Тўлқин Аҳмедовлар ўзаро тажриба алмашиш жараёнларида партия фаоллари томонидан амалга оширилаётган ишларни кенг муҳокама қилди ва келгусида алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун қилиниши керак бўлган вазифаларни белгилаб олди.

Бугун бухоролик маҳаллий Кенгашлар депутатлари Навоий шаҳри ҳамда Навбаҳор, Конимех туманларида амалга оширилаётган ишлар билан танишади. Уларга Навоий вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, котибият мудирлари ва ОАВ вакиллари ҳамроҳлик қилмоқда. Ўзаро тажриба алмашиш ва маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар давом этмоқда.
Бахтиёр Тошназаров,
ЎзМТДП Навоий вилояти Кенгаши раиси ўринбосари