Тарихий қарорни эълон қилган ҳокимдан эксклюзив интервью!
Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Боёвут тумани кенгашининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Уралова энди кенгашга раҳбарлик қилмаслигини билдириб, Боёвут туманида маҳаллий кенгаш раиси депутатлар орасидан сайланишини маълум қилган.
Бу воқеадан кейин опа билан боғланиб, нега бу қарорга келгани ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.
– Ўзи доим янгиликка интилиб яшайман, – дейди Дилфуза Уралова. – Маҳаллий кенгашларга раислар ҳокимлар бўлмаслиги кераклиги ҳақида Президентимиз ҳам, Сенат раиси ҳам кўп бора фикр билдирган. Бу бўйича қонун ҳужжатлари ҳам ишлаб чиқилмоқда. Энди тажриба тариқасида буни амалиётга жорий этиш таклифини эшитганимда буни амалга оширишга қарор қилдим. Ҳақиқатан, биз маҳаллий кенгаш депутатларига ҳисобот берсагу кенгашга раислик қилишимиз тўғри эмас. Бу кўп ҳолларда ҳокимларнинг ҳаққоний ҳисобот беришига тўсқинлик қилувчи зарарли омил эди.
– Депутатлар учун бу кутилмаган хабар бўлдими?
– Албатта, бу кўпдан айтилгани билан амалга ошмаётган иш эди. Шунинг учун аввалига кутилмаган хабардан ҳайрон қолишди. Бироқ, бу янгилик бизнинг тумандан бошланганидан барча ҳурсанд бўлди. Энди депутатлар орасидан кенгаш раисини сайлаймиз. Ишонаманки, бу депутатларнинг жонланишига, ўзини кўрсатиб ишлашига катта туртки беради. Чунки энг фаол, халқнинг ишончини кўпроқ қозонган депутат кенгашга раислик қилади.
– Демак, энди сиз учун депутатлар олдида ҳақиқий ҳисобдорлик бошланди, шундайми?
– Ҳақиқатан, қўйган бу қадамим масъулиятимни кескин оширганини ҳис этяпман. Энди амалий ишлар салмоғи янада ошади. Ахир ҳисоботларда шулар акс этадику.
Бу амалиёт яхши натижа беришига асло шубҳам йўқ. Бу бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган юз-хотирчиликка барҳам беради. Коррупциянинг илдизига ҳам болта уради. Камчиликларимизни ўз вақтида билиб, уларни тузатиб борсак, халқни кўпроқ рози қилиб ишлашимизга имкон бўлади.
Шу ўринда айтиб ўтмоқчиманки, маҳаллий кенгашлар депутатлари ўзларининг доимий ишидан ажралмаган ҳолда депутатлик фаолиятини олиб боради. Яъни у бўш вақтида депутатлик фаолияти билан боғлиқ ишларни амалга оширади. Бу уларнинг тўлақонли фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётган омил. Маҳаллий кенгашларда ҳам доимий ишловчи депутатлар корпуси шакллантирилиши ҳақида таклифлар билдирилган. Бу амалга ошса, маҳаллий кенгаш депутатлари иш самарадорлиги ортган бўлар эди. Кучли депутатлар олдида ҳисоб бериш эса ҳокимларнинг масъулиятини янада оширади.
Норгул Абдураимова, ЎзА