Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллий Кенгаш раиси ўринбосари институти жорий этилмоқда
15:39 / 2026-02-02

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятида бошқарувни янада такомиллаштириш, Кенгаш раиси ва Кенгаш сессиялари иш ҳажмини енгиллаштириш мақсадида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида кўриб чиқилди.

Лойиҳага кўра, жамоатчилик асосида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси ўринбосари институти жорий этилмоқда ва унга бир вақтнинг ўзида Кенгаш котибияти мудири вазифаси ҳам юкланмоқда.

Кенгаш раиси ўринбосари – Кенгаш котибияти мудирига Кенгаш котибияти ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш ваколатини бериш ҳамда Кенгаш Раёсати институтини ташкил этиш ва унинг иш фаолиятини белгилаши назарда тутилмоқда.  

[gallery-27430]

Шунингдек, маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан мансабдор шахсларнинг эшитувини ўтказиш тартиби жорий этилмоқда. Бундан ташқари, “Кенгаш соати” амалиётга жорий қилинаётгани шошилинч масалаларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш имконини беради.  

Муҳокамаларда фракция аъзолари қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган ҳолда бир қатор таклифларни билдирди. Қайд этилганидек, бундан 5-6 йил аввал маҳаллий Кенгашларнинг ташкилий ишларига ҳокимиятларнинг ташкилий-назорат бўлимлари масъул эди. Президент ташаббуси билан маҳаллий Кенгаш котибиятлари ташкил этилгани, маҳаллий Кенгашларга ҳоким эмас, депутатлар орасидан танланган вакил раислик қилиши ижобий амалиёт бўлди. Эндиликда Кенгаш раиси ўринбосари лавозими жорий этилиши улар фаолиятининг янада самарадорлигини таъминлайди.  

Шунингдек, фракция раҳбари Алишер Қодиров бугунги ислоҳотларда маҳаллий Кенгаш депутатларининг роли сезилмаётгани, Кенгашларда партиялар депутатлик гуруҳлари имкониятидан самарали фойдаланилмаётганини таъкидлади. “Депутатлик гуруҳлари ўзи сайланган партия билан алоқада бўлиши, партиясига суяниши, партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, масалаларни илгари суриши керак. Бу борада депутатлик гуруҳларининг ролини ошириш лозим”, деди партия етакчиси.  

Таъкидланганидек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига берилган вазифа ва ваколатлар кенгайиб, уларнинг иш ҳажми ортиб бораётган бир пайтда Кенгаш раиси ўринбосари лавозимининг жорий қилиниши, умуман қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормалар Кенгашлар ишини янада самарали ташкил этиш, уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА