Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллий Кенгаш депутатларининг амалий кўникмалари бойитилди
13:51 / 2025-11-15

“Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши Марказий аппаратида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари, партиянинг ҳудудий кенгашлари раислари ҳамда масъул ходимлари учун сиёсий ўқув-семинари ташкил этилди.

Унда депутатлик гуруҳлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, аҳолининг долзарб муаммоларини депутатлик назорати ва жойлардаги партия тузилмалари билан яқин ҳамкорликда ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирни “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Робахон Маҳмудова кириш сўзи билан очиб, партия электорати билан ишлаш, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда депутатларнинг ўрни ва иштироки ҳақида тўхталиб ўтди.  

Партия етакчиси таъкидлаганидек, чинакам халқ вакили ҳозирги ўзгаришлар суръатини яхши англайдиган, аҳоли фикрини эшитадиган, ўз вақтида ташаббус кўрсатадиган, жамоатчилик кайфиятини ҳис қила оладиган ташаббускор шахс бўлиши керак. Бунинг учун унда фақат ҳуқуқий билим эмас, балки ижтимоий масъулият, пухта таҳлил қилиш маҳорати, одамлар билан мулоқот маданияти бўлиши зарур. Шундагина амалий натижа ва ўзгаришларга эришиш мумкин.  

Семинарда депутатлик мақоми, назорат функциялари, амалий иш услублари ва партия билан узвий ҳамкорлик механизмлари бўйича таҳлилий чиқишлар қилинди. Депутат фаолиятини белгилаб берувчи ҳуқуқий асосларнинг амалий аҳамияти хусусида сўз юритилди. Ҳар бир депутат ўз ҳуқуқ ва ваколатларини яхши билиши ва шу асосда фаолиятини самарали ташкил этиши, назорат функцияларидан унумли фойдаланган ҳолда жойлардаги масалалар ечимида ташаббускор бўлиши зарурлиги таъкидланди.  

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Илмий марказ бўлими мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Абдурашид Алтиев ўз маърузасида депутатлик назоратининг аниқ механизмлари, жойларда аҳоли билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишлаш, таҳлил қилиш ва бунда тегишли идоралар билан алоқалар муҳим эканига урғу берди.  

Бундан ташқари, тадбирда партия Сиёсий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдукамол Раҳмонов депутатнинг жамоатчилик билан доимий очиқ мулоқоти, ташаббускорлиги, партия дастурий мақсадларини ҳаётга татбиқ этишдаги ўрни ҳақида сўз юритди. Раис ўринбосари Озода Парпибоева эса партия тузилмалари билан депутат ўртасидаги муносабатни “якдил тизим” сифатида талқин қилиб, ўзаро ахборот айирбошлаш, ташаббусларни мувофиқлаштириш, жойлардаги муаммоларни партия дастури асосида ҳал этишнинг аҳамиятини тушунтирди.  

Семинар-тренинг давомида депутатлар ҳудудлардаги муаммолар, амалиётдаги қийинчиликларни бартараф этиш ҳамда фуқаролар мурожаатларини тезкор ҳал қилиш юзасидан ўзаро тажриба алмашдилар.

Муҳтарама Комилова, ЎзА