Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллий ҳокимликлар очиқланиши керак бўлган 386 ҳужжатни асоссиз яширгани аниқланди
17:17 / 2026-01-26

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан «яширилган» ёки "хизмат доирасида фойдаланиш учун" (XDFU грифи билан) қабул қилинган қарор ва фармойишлар ўрганилди.

Давлат раҳбарининг 2025 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши  курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида Агентлик зиммасига “E-qaror” тизимида қабул қилинадиган ҳужжатларни эълон қилишда очиқликка оид қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш ва очиқликни таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни қўллаш вазифаси юклатилган.

Таҳлиллар натижасига кўра, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан 1 минг 907 қарор ва фармойиш ушбу асосларда қабул қилингани аниқланди. Дастлабки ўрганишлар жараёнида мазкур ҳужжатларнинг 386 таси асоссиз равишда  яширилгани маълум бўлди.

Яширилган қарорларнинг 68 таси ташкилий тузилмани тасдиқлаш, 46 таси маблағ ажратиш, 34 таси рағбатлантириш, 156 таси лавозимга тайинлаш ҳамда 82 таси бошқа масалаларга оид ҳужжатлардан иборат бўлган. 

Очиқланмаган ҳужжатлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич Фарғона (67 та), Хоразм (32 та), Бухоро (58 та), Қашқадарё (41 та) ва Самарқанд (38 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келган. 

Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларига асоссиз яширилган 68 қарор ва фармойишни очиқлаш ва мазкур  қонунбузилишининг келиб чиқишига сабабчи бўлган масъул ходимларга нисбатан тегишли чора кўриш юзасидан   тақдимномалар киритилди.

Ҳозирда асоссиз деб топилган қолган ҳужжатлар бўйича ўрганиш ишлари давом эттирилиб, натижаларига кўра ҳар бир қарор ва  фармойишга нисбатан белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилиши таъминланади.

Н.Абдураимова, ЎзА