O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар дастлаб давлатимиз раҳбарининг фармацевтика соҳасини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган таклиф-ташаббуслар аҳамияти ҳақида сўз юритишди.
Депутатлар мазкур тармоқни янада ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда маҳаллий дори воситалари улушини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлашда муҳим қадам эканини эътироф этди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда соҳада салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, фармацевтика тармоғига катта ҳажмда инвестициялар жалб қилиниб, юзлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди.
Натижада маҳаллий дори воситалари сони ортиб, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотлари халқаро бозорларга ҳам кириб бормоқда.

O‘zLiDeP депутатлари белгиланган янги вазифалар фармацевтика соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Хусусан, мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиши қайд этилди.
Шунингдек, йиғилишда бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.
М.Комилова, ЎзА