Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллий бюджет маблағлари маҳаллаларга тақсимланишида адолат тамойили қарор топмоқда
10:35 / 2026-01-14

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Халқимиз турмуш даражасини яхшилаш, миллий қонунчиликда акс этган фуқароларнинг барча ҳуқуқлари амалда таъминланишини кўзда тутувчи ушбу ташаббуснинг аҳамияти ҳақида ТДЮУ маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедраси мудири, фан доктори(DSc), профессор Сардорбек Юсупов сўзлаб берди:  

– Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ислоҳотлар самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда.

Бу тобора янгича қиёфа касб этиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимизда, замонавий корхоналар, савдо-сервис масканлари, мактаб, боғча ва шифохоналар, обод кўча ва маҳаллалар, транспорт-логистика тизими, рақамли хизматлар мисолида яққол намоён бўлмоқда.  

Иқтисодиётни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишга давлатимиз алоҳида эътибор қаратмоқда. Натижада даромадларнинг ортиши ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа муҳим соҳаларни қўллаб-қувватлашга имконият яратаётир.  

Ҳудудларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш мақсадида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг камида 50 фоизи, айланма солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер ва мол-мулк солиқлари (йирик солиқ тўловчилар тушумларидан ташқари), давлат мулки ижарасидан даромадлар туман бюджетига йўналтирилиши белгиланди.

Қайд этиш керакки, маҳаллий бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва манзилли йўналтириш унинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Маҳаллий бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан шаффофликни таъминлашда “Ташаббусли бюджет” тизими йўлга қўйилди.  

Эндиликда ҳар йили туман ва шаҳар бюджетидан 10 тадан кам бўлмаган, кўпи билан 30 та лойиҳа учун етарли маблағ ажратилиши белгиланди. Бунда, 10 тадан ортиқ лойиҳа учун маблағлар туман ёки шаҳар аҳолисининг тегишли ҳудуддаги улушидан келиб чиқиб тақсимланади.

Мазкур тизим орқали фуқароларнинг маҳаллий бюджетни сарфлашда фаол иштироки таъминланмоқда. Бугунги кунда фуқаролар маҳалладаги мавжуд ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал этишга қаратилган таклифлар билан чиқмоқда. Бу тизим ҳар бир фуқаронинг дахлдорлик ҳиссини оширишга, ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланишда самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишга хизмат қилмоқда.

Жорий йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номлангани ҳудудлар янада обод бўлишида муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.  

Президентимизнинг айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларга баҳо бериши ҳақидаги гаплари мутлақо ўринли.

Давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш ва ундан самарали фойдаланиш борасида янгича ёндашув илгари сурилди. Унга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғидан тушумнинг Тошкент шаҳрида 5 фоизи, қолган ҳудудларда 20 фоизи қолдирилиб, бу маблағнинг ярми туманлар бюджетига ўтказилади.

Бундан ташқари, даромадларнинг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисмининг 50 фоизи, экин ерларини ижарага бериш ва бозорлардан тушумлар ҳам тўлиқ туман бюджетига берилади.

Вилоят, туман ҳокимларига самарасиз ва бир-бирини такрорлайдиган штат бирликларни қисқартириб, тежалган маблағни аҳоли ўртага қўйган масалаларни ҳал қилиш учун ажратишга рухсат этилди. Бу орқали туманлар бюджетида йилига 5 триллион сўмлик қўшимча манба шаклланади ва у маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга сарфланади.

Келгуси йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм вилоятларнинг ўзига берилади.

Ушбу масала юзасидан давлатимиз раҳбари: “Энг муҳими, бу маблағларнинг ҳар бир сўми аҳолимиз учун қўшилган қиймат яратиши зарур. Шу боис, бу пуллар умуман қайсидир туман учун эмас, балки маҳаллада иш ўринлари яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади. Марҳамат, қайси маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири лойиҳа қилиб, уни асослаб берса, зарур маблағни олсин. Шунда адолатдан бўлади. Бу – бюджет маблағларини самарали ишлатишда лойиҳавий ёндашув бўлади”, дея таъкидлади.

Мазкур ёндашувни амалга ошириш бюджет ташаббускорлари қайсидир амалдор эмас, балки фуқаролар бўлишини таъминлайди. Фуқароларнинг масъулияти ва дахлдорлиги ортишига хизмат қилади. Буларнинг ҳаммаси якунда аҳоли фаровонлигини таъминлашга ҳамда уларнинг ислоҳотлардан розилик ҳиссини туйишларига замин яратади.  

Н.Абдураимова,  

ЎзА