Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллий бошқарувда янги босқич
12:36 / 2026-02-12

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар давлат бошқарувини демократик тамойиллар асосида такомиллаштиришга қаратилган изчил жараённи янги босқичга олиб чиқди.

Хусусан, ҳокимиятлар бўлиниши принципини амалда таъминлаш, қарор қабул қилиш жараёнларини аҳоли манфаатларига яқинлаштириш ҳамда очиқлик ва шаффофликни кучайтириш устувор вазифага айланди.

Маҳаллий давлат бошқаруви тизимидаги ўзгаришлар ана шу ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Конституциявий янгиланишлар доирасида ҳоким ва халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимларининг ажратилиши институционал мувозанатни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Эндиликда ҳоким — ижро ҳокимияти раҳбари сифатида, Кенгаш эса мустақил вакиллик органи сифатида фаолият юритмоқда. Бу қарор қабул қилиш ва унинг ижросини назорат қилиш ўртасида аниқ ваколатлар тақсимотини белгилаб, масъулиятни янада оширади.

Янги тартиб асосида жойларда Кенгаш раислари депутатлар орасидан сайланди ва вакиллик органларининг мустақил фаолияти учун ҳуқуқий замин яратилди. Депутат сўровларининг ижроси мунтазам таҳлил қилиниши, масъулиятсизлик ҳолатларига ҳуқуқий баҳо берилиши белгилангани эса фуқаролар мурожаатларига эътиборни кучайтириш ва ҳисобдорликни таъминлашга хизмат қилади.

“Кучли Кенгаш — ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили маҳаллий бошқарувдаги янги ёндашувнинг мазмун-моҳиятини ифода этади. Кенгашлар бюджет тақсимоти, ҳудудий дастурлар ижроси ва қонунлар амалга оширилишини таъсирчан назорат қилиш орқали ҳудудларнинг барқарор ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Айни пайтда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини рақамлаштириш, сессияларни очиқ ва ошкора ўтказиш, жамоатчилик назорати механизмларини кучайтиришга қаратилган замонавий ёндашувлар жорий этилмоқда. Бу эса фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, қарорлар қабул қилиш жараёнини янада шаффофлаштиришга хизмат қилади.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар маҳаллий вакиллик органларининг нуфузи ва масъулиятини ошириб, давлат бошқарувини халққа янада яқинлаштирмоқда. Бу “давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган устувор тамойилнинг амалдаги ифодасидир.

Олим Норжигитов,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмасининг етакчи мутахассиси

ЎзА