Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалланинг янги биноси аҳоли хизматида
14:15 / 2023-03-22

Навоий вилояти Кармана туманидаги “Янги варқ” маҳалла фуқаролар йиғини биносининг фойдаланишга топширилиши маҳалла аҳлига Наврўз байрами ва 22 март – “Маҳалла тизими ходимлари куни” муносабати билан муносиб совға бўлди.

2022 йилининг 25 октябрида республика ҳудудларини обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусан, жойларда ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Президент қарори қабул қилинган эди.

Унга кўра, барча ҳудудларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирларини тизимли ва режали амалга ошириш учун “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирларнинг йиғма параметрлари” тасдиқланган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан вилоятда кенг қамровли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. “Янги варқ” МФЙ биноси “Музаффар Шаҳрибону пойдевори” МЧЖ томонидан қисқа муддатларда 850 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилди.

– Биномизнинг қуриб фойдаланишга топширилиши биз учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди, – дейди маҳалла раиси Ҳамид Очилов. – Маҳалламиз 2022 йил 1 январдан расман фаолиятини бошлаган. Шу кунга қадар маҳалла биноси йўқ эди, фуқаролар уйида фаолият олиб борилган. Айни пайтда 720 та хонадонда 3515 нафар аҳоли истиқомат қилади. Янги бинода ходимларнинг иш олиб бориши учун барча шароит ва қулайликлар мавжуд. Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган бу каби имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда аҳолимизнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, ишсизлик даражасини камайтириш учун бор куч-ғайратимизни ишга соламиз.

Маҳалла биносининг очилиш маросимида мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди ва бу ерда яратилган кулайликлар билан яқиндан танишилди.

А.Бўриев, ЎзА