Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалланинг ўсиш нуқтасини аниқлаш аҳолига нима беради
12:40 / 2021-08-03

Самарқанд вилоятидаги маҳаллаларнинг ўзига хос ўсиш нуқталари – драйверлар белгиланди. Бу ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлайди.

Тойлоқ туманидаги маҳаллаларда ҳам ҳар бир ҳудуд аҳолисининг турмуш тарзи, касб-кори, машғулот туридан келиб чиқиб, 90 та йўналиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

– Маҳаллаларнинг драйверларини белгилашда ҳар бир ҳудуд аҳолисининг аввалдан шуғуланиб келган касб-ҳунари, деҳқончилик маданиятига эътибор қаратилди, – дейди Тойлоқ тумани ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Бахтиёр Хушназаров. – Шунингдек, табиий имконият, шарт-шароитлар, одамларнинг интилишлари ҳисобга олинди. Натижада мавжуд 50 та маҳалланинг 16 тасида савдо ва хизмат кўрсатиш, 19 тасида иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, 12 тасида картошкачилик, 8 тасида чорвачилик, 6 тасида узумчиликни оммалаштириш режалаштирилди. Бошқа маҳаллаларимиз ҳам сабзавот етиштириш, ҳунармандчилик, саноат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишлар бўйича ихтисослаштирилди. Ва айни пайтда бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда.  

Украч маҳалласида 6 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Бу ҳудуд узумчиликка ихтисослашмоқда. Бу ерда яшовчи аҳоли азалдан ушбу фаолият тури билан шуғулланиб келган. Шунинг учун бугун маҳалладаги деярли ҳар бир хонадонда войиш усулида узум етиштириш йўлга қўйилган.

– Аҳолимизнинг меҳнатга лаёқатли қисми, асосан ёшлар корхона ва ташкилотларда, таълим ва тиббиёт муассасаларида меҳнат қилади, – дейди “Украч” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Намоз Абдураҳимов. – Шунингдек, уста-ҳунармандчилик билан шуғулланадиган кишилар ҳам кўпчилик. Деярли бекорчи одам йўқ, ҳудудимизда. Маҳалладошларимиз ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Сабаби очиқ майдонларимиз жуда кам. Шу сабабли одамлар кичик бўлса ҳам мавжуд томорқасига эътибор қаратади. Сабзавот экади, узумчилик билан шуғулланади. 70 га яқин хонадонда бир-икки сотихли иссиқхоналар ташкил этилган. Қарийб барча ҳовлиларимизда войиш қилиниб, узум етиштирилади. Ҳатто, ҳовлилар ташқариси, йўл бўйларида ҳам войиш қилиниб, мўл ҳосил олинади. Маҳалламиз узумчиликка ихтисослашгач, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга ҳам ушбу йўналишни ривожлантириш учун шароит яратиб беряпмиз. 20 га яқин оилага серҳосил, харидоргир ток кўчатлари тарқатилиб, войиш қилиш учун имтиёзли кредит олиб бериш чораларини кўряпмиз.

Тумандаги Таллиота маҳалласининг драйвери – иссиқхона хўжаликлари ҳисобланади. Бу ердаги 788 та хонадоннинг 400 га яқинида иссиқхоналар ташкил этилган. Аҳоли томорқасидан йил давомида ҳосил олиб, рўзғори тўқин-сочинлигини таъминламоқда. Шу маҳаллада яшовчи Сафарқул Облоқуловнинг томорқасида ҳам 4 сотихли иссиқхона, каттагина очиқ майдон бор. Бу оила ана шу ерда жорий йилда сабзи етиштириб, 25 миллион сўмдан ортиқ даромад қилибди. Ҳозирда томорқада иккинчи экин сифатида булғор қалампири ва картошка етиштирилмоқда.

– Катта ўғлим хорижда ишларди, – дейди Сафарқул ака. – Пандемия сабабли ўтган йил юртимизга қайтиб келганидан сўнг ҳовлимизнинг бир қисмида иссиқхона қурдик. Ноябрь ойида иссиқхонада, эрта баҳорда эса очиқ майдонда сабзи экдик. Бу йил сабзининг бозори чаққон бўлди, яхшигина даромад олдик. Энди иккинчи экинни парваришлаяпмиз. Бундан ҳам 20-25 миллион сўм даромад қилишни мўлжаллаб турибмиз. Ерга меҳрини бериб меҳнат қилган одам кам бўлмайди, маҳалламизда ҳар бир хонадон бу борада ўз тажрибасига эга.

Биргина Таллиотанинг ўзида ҳозирда 3 та “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти фаолият кўрсатар экан. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жавлон Ҳамзаевнинг айтишича, учта МЧЖга ҳам эҳтиёж бор, уларнинг хизматидан аҳоли фойдаланади.

– Халқимизни сабзавот уруғлари билан таъминлаш, ерларга ишлов бериш, экин агротехникасини ўргатиш, турли зараркунандаларга қарши курашиш ва ҳатто маҳсулотни сотишда “Томорқа хизмати” маҳалладошларимизга энг яқин кўмакчи бўлмоқда, – дейди Ж.Ҳамзаев. – Ўз маблағи ҳисобидан ёки кредит асосида иссиқхона қурмоқчи бўлганларга ҳам улар яқиндан ёрдам бермоқда. Одамлар сарсон бўлиб, турли идораларга чопмайди, бозор оралаб керакли ашёларни қидирмайди, ҳаммасини шу хизматлар етказиб беради. Маҳалламиз аҳолиси асосан, сабзи, булғор қалампири, картошка экади, 15 та хонадон кўчатчилик билан шуғулланади. Маҳсулотни шу ернинг ўзидан келиб олиб кетишади, ҳеч ким етиштирган ҳосилимни ким олиб кетар экан, деб ўйланмайди. Ҳозир кенг йўлга қўйилган “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили биз учун ҳам жуда қулай бўлди. Яқинда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманига бориб, узумчилик бўйича тажриба ўрганиб келдик. Маҳалламизда узумчиликни ҳам ривожлантирамиз. Бу тармоқ олдиндан ҳам бор эди бизда. Лекин войиш усулида ток парваришлаш бўйича малакамиз камроқ эди. Бу усулда ҳосилдорлик анча салмоқли бўлар экан. Маҳалладошларимизга тушунтиряпмиз, насиб этса, куздан бу борада ҳам амалий ишларни бошлаймиз.

Ҳа, меҳнат қилган, ернинг қадрига етган инсонга томорқа хазина. Бу хазинанинг калити эса меҳнатда. Тойлоқдаги маҳаллаларда ўз меҳнати билан рўзғорини обод қилаётган ва шу орқали яхши ҳаёт кечираётган оилаларнинг кўпаяётгани қувонарли албатта. Ҳудудларнинг ўсиш нуқталарини аниқлаш ва уни ривожлантиришдан кўзланган мақсад ҳам шу аслида.

[gallery-3271]

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА