Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан республикамизнинг барча вилоятларида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, ана шундай манзиллардан бири Самарқанд вилоятидир. “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларига кўра вилоятнинг Каттақўрғон туманидаги Чўянчи, Оқдарёдаги Янгиқўрғон, Пастдарғомдаги Олти қаҳрамон ва Иштихондаги Чағатой маҳаллаларида бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Танлаб олинган ушбу маҳаллаларда бугунги кунда 18 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Ушбу манзилларда “хонадонбай” хатлов ўтказилиб, ҳудудлар кесимида “Йўл хариталари” тузилиб, ишлар бошлаб юборилди.
Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан жами 44 та кўча ободонлаштирилди.
Хусусан, электр таъминотини яхшилаш мақсадида эски симёғочлар янги темир-бетон устунларга алмаштирилди, 19 та ТП пункти капитал таъмирланди ва янгилари ўрнатилди.
Халқимизда “йўлинг равон бўлса, ишинг осон битур”, деган нақл бор. Маҳаллалардаги ички йўлларнинг жами катта қисмига асфальт ётқизилди ва 39,9 километри шағаллаштирилди. Ҳудудлардан ўтувчи жами ариқ ва зовурлар тозаланди.
Аҳолини яна бир қувонтирган жиҳат – қиш мавсуми олдидан газ таъминотини яхшилаш мақсадида жами 45 та ГТП капитал, 27,0 километрли газ қувури жорий таъмирланди. Иситиш қозонлари қайта реконструкция қилинди.
Шунингдек, ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектларига 65 тоннадан зиёд, аҳоли хонадонларига 4,0 тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилди.
Фуқароларни ўйлантираётган яна бир масала – ичимлик суви бўлиб, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб сув қувурлари тортилди.
Элимизда марҳумлар хоки турган жойни обод сақлаш савобли амаллардан саналади. Шу маънода маҳаллалардаги 13 та қабристон тўлиқ тозаланиб, дарахтларга шакл берилди.
Маҳалла биноси ва ижтимоий объектлардаги камчиликларни бартараф этиш бўйича маҳалла бешлиги учун янги хизмат биносини қурилмоқда. Ҳудудлардаги умумтаълим мактабида ҳам капитал таъмирлаш ишлари якунланди.
Инсон танидаги бирор касалликни даволаш қачон қийин кечиши мумкин? Албатта, ўша дардга бепарво бўлинса ёки унинг олдини олиш чоралари вақтида кўрилмаса. Соғлиқни сақлаш маданиятини шакллантириш борасида ҳам ҳудудларда аҳолига кўмаклашилмоқда. Хусусан, бу борада мазкур маскандаги 9 мингга яқин фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, шунингдек, 560 нафар фуқаро бепул дори-дармон воситалари билан таъминланди ҳамда вилоят ва туман соғлиқни сақлаш муассасаларида кўплаб беморларнинг шифо топишига кўмаклашилди.
Эзгу ишлар давом этмоқда.
Абдулазиз Рустамов, ЎзА