Хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бизнес ташаббусларини рағбатлантириш ва жамиятдаги иқтисодий фаоллигини ошириш мақсадида ЎзЛиДеП томонидан “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси доирасидаги танловининг жорий йилги мавсумига расман старт берилди.
Жумладан, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Аёллар қаноти ва Нукус шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида Нукус шаҳридаги “Наўқан бағ” маҳалла фуқаролар йиғинида танлов бўлиб ўтди. Тадбир давомида маҳаллада фаолият юритаётган ишбилармон хотин-қизлар ўзларининг амалга оширган бизнес лойиҳалари, қўл меҳнати ва ишлаб чиқаришга қаратилган ташаббуслари билан иштирок этишди.

Иштирокчилар ҳакамлар ҳайъатига ўз фаолияти, эришган натижалари, маҳсулот сифати ва ҳажми, шунингдек, келгусидаги режа ва мақсадлари ҳақида атрофлича маълумот бердилар. Ҳакамлар томонидан иштирокчиларнинг ташаббускорлиги, инновацион ёндашуви ва маҳаллий бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришаётгани алоҳида эътироф этилди.

Танлов якунларига кўра, Меҳрибан Утемуратова танлов ғолибаси деб топилди. У 2023 йилдан буён ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келмоқда. Айни кунда 11 турдаги ярим тайёр маҳсулотларни тайёрлаб, маҳаллий озиқ-овқат дўконларига етказиб бермоқда. Меҳрибан Утемуратованинг фаолияти маҳаллада янги иш ўринлари яратиш, аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қиляпти.
Шунингдек, танловда ҳунарманд Айгул Қойшибаева қўл меҳнати асосида турли сават маҳсулотлари билан, Роза Нуришова миллий либослар тикиш йўналишидаги меҳнатлари билан, Гулзода Есимбетова эса пиллачилик соҳасидаги самарали меҳнати билан иштирок этди. Уларнинг ҳар бири ўз йўналишида маҳаллий ҳунармандчиликни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ҳакамлар томонидан иштирокчиларнинг фаоллиги, инновацион ёндашуви ва маҳаллий бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқараётгани алоҳида эътироф этилди.

Тадбир давомида иштирокчиларнинг бизнес ғоялари, ижодий ёндашуви ҳамда маҳаллада тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган фаолияти юқори баҳоланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА