Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллани ривожлантириш — давлат сиёсатининг устувор йўналиши
14:21 / 2025-12-29

Давлатимиз раҳбарининг парламент ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш биринчи устувор йўналиш сифатида белгиланиши бежиз эмас. Чунки ислоҳотларнинг ҳаётга қай даражада синггани аввало маҳаллада сезилади.

Одамлар давлат сиёсатини баланд минбарлардан эмас, балки ўз уйи олдидаги йўл, хонадонга келаётган сув ва электр, боласининг боғча ёки мактабдаги шароити орқали баҳолайди.

Шу маънода, “Юрт ободлиги маҳалладандир” деган гап бугун янада аниқ мазмун касб этмоқда. Маҳалла инфратузилмаси яхшиланса, одамларнинг кайфияти кўтарилади, эртанги кунга ишончи ортади. Бу эса жамиятда ижтимоий барқарорлик ва фаолликни таъминлайди.

Президентимиз томонидан таклиф этилган комплекс ёндашув айни пайтда энг тўғри ва ҳаётий қарор, деб ўйлайман. Чунки бир маҳаллада йўл масаласи ҳал қилиниб, сув ёки электр муаммоси қолиб кетса, аҳоли барибир қониқмайди. Маҳалла — яхлит тизим. У ерда таълим, тиббиёт, уй-жой, транспорт, муҳандислик тармоқлари бир-бири билан узвий боғлиқ.

Ургут тумани мисолида бошланган янги тажриба — маҳаллани замонавий экошаҳар сифатида ривожлантириш ғояси янги Ўзбекистоннинг аниқ қиёфаси. Бу борада ажратилаётган 544 миллиард сўм маблағ рақам учун эмас, балки инсон учун, унинг муносиб яшаши учун сарфланиши муҳим. Энг қувонарлиси, ушбу тажриба фақат битта туман билан чекланиб қолмай, 33 та туман ва 330 та оғир шароитли маҳаллага татбиқ этилади.

Депутатлар, маҳалла раҳбарларига аниқ маблағ ва ташаббус учун имконият берилаётгани ҳам муҳим янгилик. Шунингдек, туман бюджетларини мустақил ва қудратли қилиш, солиқ тушумларининг маълум қисмини жойида қолдириш орқали маҳаллий муаммоларни тез ҳал қилиш имкони яратилаётгани жойларда масъулият ва ташаббусни янада оширади. Самарасиз штатларни қисқартириб, тежалган маблағни аҳоли муаммоларига йўналтириш эса халқ манфаатини биринчи ўринга қўяётган сиёсат эканини кўрсатади.

Энг муҳими, маҳалла инфратузилмаси учун ажратилаётган 20 триллион сўм маблағ “қоғоздаги объектлар”га эмас, балки иш ўрни, даромад ва фаровонлик яратадиган аниқ лойиҳаларга сарфланиши шарт. Ана шунда бу маблағлар ҳақиқатан ҳам аҳоли учун қўшилган қийматга айланади.

Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада белгиланган ушбу йўналиш маҳаллага бўлган ишончни, маҳалланинг эса давлат тараққиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.  

Н.Раҳмонова, ЎзА