French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МАҲАЛЛАМИЗ ИШСИЗЛИКДАН ХОЛИ ҲУДУД  -  “Машъал” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Арофатхон Махсудова (видео)
11:23 / 2024-05-21

Ислоҳотлар – амалда

Фарғона шаҳрида мавжуд 73 та маҳаллада фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиларининг ҳаракатчанлиги, халқ орасига кириб бориб, муаммолар ечимига астойдил елка тутаётгани эътирофга лойиқдир. 

Хўш, айни пайтда жойлардаги ҳоким ёрдамчилари қандай ташаббуслар билан чиқяпти, шунга яраша натижалар  қандай бўлмоқда?

Шуни билиш мақсадида Фарғона шаҳридаги “Машъал” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, ҳоким ёрдамчиси Арофатхон Махсудованинг фаолияти билан яқиндан танишдик.

Арофатхон мазкур лавозимда 2022 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Унга қадар Фарғона шаҳридаги “Мададкор”, кейинчалик “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғинида хотин-қизлар билан ишлаш ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича раис ўринбосари лавозимларида ишлаган. Фаолияти давомида юзлаб хотин-қизларнинг муаммо ва таклифларини ҳал этишда, оилавий қадриятларни мустаҳкамлашда, ёш қизларни оилага тайёрлашда, уларни касб-ҳунарга ўргатишда, “Аёллар дафтари”га киритилган опа-сингилларимизга кўмаклашишда катта тажриба тўплаган. У Фарғона шаҳар “Оқила аёллар” етакчиси ҳамдир. Нотинч оилаларни яраштиришда, ёшлар билан ишлашда жамоатчилик асосида ўзига бириктирилган “Ёрмозор”, “Ипак йўли”, “Шодлик”, “Шаршара” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги оилаларга яқиндан ёрдам бериб келмоқда.

– “Машъал” маҳалла фуқаролар йиғинида иш бошлаганимда 176 та тадбиркорлик субъекти бор эди, – дейди ҳоким ёрдамчиси А. Махсудова. – Бугунги кунга келиб, бу кўрсаткични 580 тага етказдик. Бу ҳар бир оилада тадбиркорликка қизиқиши бўлган фуқаролар ўз бизнесини йўлга қўйди, деганидир. Бунда, албатта, Президентимиз томонидан кичик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича чиқарилаётган қарор ва фармонлар муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Тадбиркори бой юрт бой бўлишини маҳалламиз мисолида кўриб турибмиз. Шуни фахр билан айта оламанки, бугун маҳалламиз ишсизликдан холи ҳудудга айланди. Тадбиркорлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Маҳалламиздаги тадбиркорлик субъектларига қўшни ва бошқа маҳаллалардан ишга муҳтож бўлган фуқароларни жалб этганмиз. 

Аҳоли турмуши фаровонлиги, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, ҳаётдан розилигини таъминлашда иқтисодий омил катта аҳамият касб этади. Хусусан, А. Махсудова кўмаги билан 2022-2023 йиллар давомида 86 нафар фуқаро жами 2,4 млрд. сўм кредит олди, 525 та иш ўрни яратилди ва уларнинг доимий бандлигини таъминлашга эришилди. 

[gallery-17482]

Ҳоким ёрдамчиси маҳалладаги ишсиз фуқаролардан 195 нафар хотин-қизлар ва ёшларнинг ўқув марказларида касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашди, 94 нафар фуқаро бандлигини таъминлаш мақсадида ҳудуддаги йирик корхоналарга бириктирди. Норасмий секторда 542 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиш орқали иш билан таъминланди. Ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан тадбиркорлар  ҳомийлигида янги маҳалла биноси бунёд этилди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, А. Махсудованинг ташаббуси билан маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг ертўлаларидан самарали фойданиланиш, у ерларда гидропоник усулда микроорганик ўсимликларни етиштириш кооперацияси фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, фуқаро Тоҳиржон Абдусаматовга имтиёзли кредит маблағи ажратиб бериш орқали “Auto system class” ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилди. 

– Айнан ҳоким ёрдамчисининг кўмаги, маслаҳатлари билан тадбиркорликни ва бошқа катта-катта лойиҳаларимни амалга оширяпман, – дейди тадбиркор Тоҳиржон Абдусаматов. – Ҳозирда фаолиятимни янада кенгайтириш учун 4 та кўп қаватли уйнинг ертўла қисмларида заъфарон гуллари (истеъмолга яроқли) ва қўзиқорин етиштириб, қадоқлаш плантациясини йўлга қўймоқдаман. Олинган кредит маблағлари эвазига ушбу маҳсулотларни саноат йўналишида қадоқлаш учун қуритиш аппаратларини сотиб олдик. 

Маҳаллада “Аёллар дафтари”га киритилган Ҳакимахон Тўхтабоева эса ўтган йили мономарказда касбга ўқитилиб, унга субсидия асосида тикув машинаси берилган эди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича ажратилган имтиёзли кредит воситасида Ҳ. Тўхтабоева тикувчилик цехи очиб, йигирма нафар маҳалладош хотин-қизларнинг бандлигини таъминлади. Маҳаллада ташкил этилган “Гўзаллик салони”да эса яна 10 нафар ишсиз хотин-қизлар ишли бўлди. 

Маҳалла ёшларининг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун Workout ҳамда болалар майдончалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, маҳалла ҳудудида 4 та хусусий мактабгача таълим, 6 та ўқув марказлари, ертўла қисмларида аҳоли учун кунлик тиббий муолажа хоналари ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, А. Махсудова меҳнат фаолияти давомида яна кўплаб муваффақиятларга эришган. Хусусан, ўтган йили “Маҳалла – беш ташаббус бешиги” кўрик-танловининг республика босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаб, Президент совғасини қўлга киритган. Бундан ташқари “Меҳр-саховат” ва “Мустақилликнинг 30 йиллиги” кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Унинг меҳнатлари эътироф этилиб, 2023 йилда “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони, 2024 йил 8 март – Хотин-қизлар куни муносабати билан Президент совғаси билан тақдирланган.

Ҳа, мана шундай ҳоким ёрдамчилари маҳаллалар ҳаётидаги муаммолар ечими учун астойдил жон куйдираётгани боис фараҳбахш ўзгаришлар қамрови кенгайиб бормоқда. 

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/eIQrozE57ns?si=zfdUcK0vkt8fZwkA" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

ЎзА фотомухбири

Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар.