Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларнинг спорт соҳасидаги иқтидорини юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Сирдарё вилоятидаги 239 та маҳаллага Спорт вазирлиги томонидан Президент совғаси – 1673 дона футбол, волейбол, гандбол ҳамда баскетбол тўпи берилди.
Спорт анжомларини маҳаллалар ёшлар етакчиларига топшириш жараёни байрамга айланиб кетди. Тадбирда Сирдарё вилоят ҳокими ўринбосари Бекзод Исматов, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов, вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Азизбек Турдумуродовлар "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида маҳалла, туман, вилоят босқичи даражасида ўтказилаётган спорт мусобақалари қамрови кун сайин ошиб, маҳаллалар ёшлари унда фаол иштирок этаётганини, бу каби спорт тадбирларини юқори савияда ташкил этиш учун маҳаллалар ҳудудларида янги спорт мажмуалари бунёд этилиб, шарт-шароитлар яратилаётганини таъкидлашди.
– Президентимизнинг биз маҳалла ёшларига бўлган бундай эътибори, совға сифатида берган спорт анжомлари спортнинг қайси тури бўлмасин, унда иштирок этиб, юқори марраларни забт этаман, халқаро ва жаҳон миқёсида ўтказиладиган спорт мусиқаларида иштирок этиб, юрт байроғини баланд кўтараман, деган юрагида ўти бор ўғил-қизларимиз сафини янада кенгайтиришга ҳисса қўшади дея ўйлайман. Чунки, маҳалламиз ўғил- қизлари ўтган йили "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида ўтказилган спортнинг мини футбол, баскетбол, волейбол, шахмат, шашка, белбоғли кураш турларида фаол иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этишди. Бу йилги режамиз эса ундан-да, катта. "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида ўтказиладиган спорт мусобақаларида иштирок этиб, Президент кубогини олишни ният қилиб, астойдил шуғулланяпмиз,–дейди Мирзаобод туманининг Боғистон маҳалласи ёшлар етакчиси Нодирбек Шамсиев.
Хуллас, Сирдарёда спорт анжомларини топшириш жараёнида 239 та маҳалланинг 239 та ёшлар етакчиси иштирок этиб, уларга спорт анжомлари топширилди. "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида маҳаллалар ёшлари ўртасида ўтказиладиган спорт мусобақаларини янада оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини йўлга қуйиш борасида келгусида қилиниши зарур бўлган ишлар, вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири