Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Яшнобод инновацион технопарки томонидан “маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида маиший хизмат кўрсатиш контейнерларини қўйиш ташаббуси амалга оширилмоқда.
Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги «Ракатбоши» маҳалла фуқаролар йиғинида вазирлик томонидан молиялаштирилган иккита маиший хизмат шохобчаси ташкил этилди. Мазкур шохобчада тикувчилик, этикдўзлик каби иш ўринлари яратилди. Натижада ижтимоий дафтарлардаги 8 киши иш билан таъминланди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Яккасарой туманидаги яна олтита маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Кўп қаватли уйлар атрофида болалар майдонлари, робототехника ва хорижий тиллар курслари, кутубхоналар ташкил этилди.
Жойларда мутасаддилар томонидан йўлга қўйилаётган “маҳаллабай” ишлаш тизими ҳар бир фуқаронинг муаммо ва ечимини кутаётган масалаларини тезроқ бартараф этилишига хизмат қилмоқда. Ушбу тизим орқали аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, аёллар ва ёшларга маҳалланинг ўзида даромад манбаига эга бўлиши учун шароитлар яратиш, ижтимоий соҳа объектларида мавжуд муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА