Қарор ва ижро
Шу кунларда “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактика ойлиги бўйича Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар асосида ҳар ҳафта ўтказилаётган мазкур амалий тадбирлар жойларда ўз натижасини бермоқда.

Жараёнда вилоят ИИББ ва унинг қуйи тизимлари томонидан бир нечта йўналишларда изчил ишлар олиб борилди. Пробация назоратидаги шахслар билан учрашувларда уларга қонунбузарликнинг оқибатлари, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этиш ҳамда жамият томонидан берилаётган имкониятни тўғри баҳолаш бўйича тушунтиришлар берилди. Меҳнатга жалб этилиш, ижтимоий мослашув ва ҳаётда фаол бўлишга оид тавсиялар ҳам етказилди.

Шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноят содир этган, пробация рўйхатида турган шахслар билан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилиб, уларга қайта жиноят содир этмаслик бўйича расмий огоҳлантирилди ва ҳуқуқий саволларга жавоб берилди. Маҳаллалар миқёсида оила ва ижтимоий муаммоларга алоҳида эътибор қаратилиб, ажрим ёқасидаги оилалар, ҳимоя ордери асосида кузатувдаги шахслар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар билан ўтказилган суҳбатларда оилавий тотувликни мустаҳкамлаш ва низоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.


Профилактика куни давомида жиноятчиликка мойил шахслар билан, шунингдек, чегара пости ҳудудида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди. Масъул ходимлар томонидан жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик оқибатлари ва ёшлар ўртасида ҳуқуқий онгни оширишга қаратилган мулоқотлар ташкил этилди. Бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир инфратузилма тадбирлари давом эттирилиб, пиёдалар ҳаракати тиғиз бўлган ҳудудларда янги йўлаклар чизилди ва замонавий йўл белгилари ўрнатилди.

Мазкур ташаббуслар жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва вилоятдаги ижтимоий барқарорликни таъминлайди. Мунтазам олиб борилаётган профилактика ишлари эса ҳуқуқбузарликларни камайтиришда муҳим омилдир.
А. Мусаев, ЎзА.