Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва спорт иншоотларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олмаган спорт турларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тартибга солиш юзасидан тақдимот ўтказилди.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда қўмита раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, соҳага масъул ходимлар, мутахассислар иштирок этган тақдимотда келгусида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Маҳаллаларда барпо этилаётган уч тоифадаги спорт майдончаларининг қурилиш ишларини белгиланган тартиб асосида олиб бориш ва жараёнларни жадаллаштириш устувор вазифалардан бири эканлиги қайд этилди.
Қуриб битказилган спорт майдончаларидан самарали фойдаланиш, тозалигини сақлаш бўйича мониторинг олиб бориш вазифаси белгиланди.
Шундан сўнг олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олмаган спорт турларини ривожлантириш ишлари хусусида фикр юритилди. Мазкур спорт турларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид таклифлар баён қилинди.
ЎзА