French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллалардаги сайловлар юқори савияда ўтди
15:33 / 2025-06-19

Юртимиз маҳаллаларидаги сайлов жараёнлари қандай ўтди?

АОКАда бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жобир Асқаров қуйидагиларни сўзлаб берди:    

–   Мамлакатимизда сўнгги йилларда маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш, тизимни босқичма-босқич ривожлантириш, унинг молиявий имкониятларини янада кенгайтириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан маҳалла тизимининг аниқ тузилмаси белгилаб берилди. Маҳаллага қўшимча куч ва имкониятлар тақдим этиляпти, ваколат ҳам, масъулият ҳам қуйи тизимга туширилмоқда.  

Натижада маҳалла ҳар бир оила, ҳар бир инсон муаммоси, дарду ташвишига чуқур кириб бора оладиган халқчил тузилма сифатида янада фаоллашди, жамиятимизда кечаётган ислоҳотларнинг ҳал қилувчи бўғинига айланди.    

“Еттилик” тизими ишга тушгач, маҳаллалардаги барча масалалар уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила ҳаётини ўрганган ҳолда ҳал этилишига имкон яратилди. Шу мақсадда аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатувчи муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харита”лари, маҳаллалар “Омбор китоби” ишлаб чиқилди. Бандлик дастури тайёрланиб, “Маҳалла бюджети” тизими йўлга қўйилди.    

Яна бир муҳим жиҳат — жамиятимизда маҳалла раисларининг мавқеи оширилди, уларга “еттилик” аъзолари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш масъулияти юклатилди. Бундан кўринадики, маҳалла раиси ҳар бир ходимнинг хизмат фаолиятини чуқур тушуниши, барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини теран англаши зарур.    

Содда қилиб айтганда, маҳалла раиси “еттилик” аъзоларидан бир поғона устун бўлиши учун ҳар бирининг вазифасини билиши, уларни устувор мақсадлар сари йўналтира олиши лозим.    

Маълумки,  жорий йилнинг 1 май санасидан мамлакатимизда маҳалла раислари сайлови бошланган эди. Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, май-июнь ойларида республика бўйлаб барча маҳаллаларда сайловлар якунланди.  

Жорий йилги сайловлар янгича тартиблар, демократик тамойиллар, шаффофлик ва очиқлик руҳида, кўтаринки кайфиятда ташкил этилди.    

Сайлов кампанияси даврида қуйидаги ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан,  14 та ҳудудий, 208 та туман (шаҳар) кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда 8 852 та ишчи гуруҳлари тузилиб, уларнинг таркибига 89 578 нафар идора ва ташкилотлар раҳбарлари, депутатлар ва маҳалла фаоллари жалб қилинди.  

Сайловни ўтказиш тартиби бўйича “Қонун ҳужжатлари тўплами”, “Услубий тавсиялар”, “100 саволга 100 жавоб” ва инфографикалар, йўриқномалар ишлаб чиқилиб, 89 минг нафар комиссиялар ва ишчи гуруҳлари аъзоларига етказилди.  

10 мартдан 27 апрелга қадар 2-босқичда кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳи аъзоларининг билим-малакаларини ошириш бўйича ўқув-семинарлар ўтказилди.  

Сайлов ёшига тўлган 21,5 миллион нафарга яқин фуқаролар орасидан сайловда иштирок этадиган ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага эга ва маҳалла ҳаётига бефарқ бўлмаган 2,6 миллион (12 фоиз) нафардан зиёд вакиллар сайлаб олинди.  

Аҳолининг сайлов жараёнлари бўйича фаоллигини оширишга доир 133 мингтадан ортиқ плакатлар ҳамда баннерлар чоп этилиб, ҳар бир маҳалла биноси, кўчалар, савдо шохобчалари, гузарлар, бекатлар ҳамда кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига осиб қўйилди.  

Шунингдек, марказий кўчалардаги 2 мингтадан ортиқ билборд ва лед экранларга жойлаштирилди.  

Амалга оширилган ишлар натижасида кўмаклашувчи комиссиялар томонидан тасдиқланган жадвалга асосан, жорий йил 1 майдан 17 июнга қадар сайлов жараёнлари республиканинг 208 та туман ва шаҳридаги 8  минг 852 та маҳаллада ўтказилди.  

Сайловларда 2 миллион 173 минг 634 нафар фуқаролар вакиллари иштирок этди. Ўтказилган сайловларнинг 83,7 фоизи таълим муассасалари, 4,4 фоизи маданият марказлари, 5,2 фоизи маҳалла гузарлари ва  6,7 фоизи бошқа жойларда ўтказилиб, уларга барча керакли жиҳозлар ажратилди.  

Май-июнь ойларида бўлиб ўтган сайловларда қатнашган 26 минг 334 нафар номзод давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, келгуси 5 йил давомида маҳаллани ривожлантириш бўйича устувор дастурларини аҳолига тақдимот қилди.  

Мазкур сайловларда уларнинг 8 852 нафари маҳалла раиси этиб сайланди. Жумладан, 3 минг 962 та маҳаллага янги раислар сайланди, сайланган раисларнинг 1 минг 196 нафари аёллар, 306 нафари туман (шаҳар) Кенгашлари депутатларидан иборат. Сайланган раисларнинг ўртача ёши – 51 ёшни ташкил этди.  

Мутахассислигига кўра, сайланган раисларнинг 2  минг 419 нафари (27,3 фоиз) ўқитувчи, 1 минг 705 нафари (19,3 фоиз) иқтисодчи, 1 минг 212 нафари (13,7 фоиз) муҳандис, 57 нафари (1 фоиз) шифокор, 354 нафари (4 ҳуқуқшунос) ҳуқуқшунос, 420 нафари (5 фоиз) агроном, 2 минг  685 нафари (30,3 фоиз) бошқа мутахассислик эгаларини ташкил этади.  

Сайлов жараёнлари даврида қонун бузилиш ёки бошқа ҳолатлар юзасидан 1276 қисқа рақамли "Call-маркази" 24/7 тартибда ўз фаолиятини олиб борди.  

Шу кунгача "Call-маркази"га фуқаролардан келиб тушган  161 та мурожаат тегишли тартибда ҳудудий комиссияларга йўналтирилди.  

Сайлов жараёнлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилмоқда.  

Шу пайтга қадар пост, мақола, репортаж, видеоролик ва бошқа кўринишларда 5 мингга яқин материаллар эълон қилинди.    

Н.Усмонова,

ЎзА мухбири