Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Нодира Рашидова Қорақалпоғистон бўйлаб ўрганишларни Нукус шаҳридаги “Жайхун” ва “Омонлиқ гузари” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан учрашувдан бошлади.
Ўрганишлар давомида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида депутат “Жайҳун” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Бекбосин Тлепов ва “Омонлиқ гузари” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулсара Тансиқова хонадонларида бўлди. Ушбу хонадон эгалари бир неча йиллардан буён термит зараркунандаси билан курашиб келмоқда.
Маълум бўлишича, мазкур зараркунанда ушбу ҳудуддаги бошқа хонадонларда ҳам учрамоқда. Муаммони бартараф этиш чораларини кўриш бўйича тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилиш, хонадонларга амалдаги қонунлар доирасида маҳаллий ҳокимлик томонидан ёрдам кўрсатиш масаласини депутат ўз назоратига олишини маълум қилди.

Бундан кейин термит зараркунандаси билан боғлиқ муаммоларни чуқур ўрганиш мақсадида депутат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг етакчи мутахассислари ва олимлари билан Zoom орқали махсус онлайн учрашув ўтказди. Суҳбат давомида зараркунандаларнинг тарқалиши, улар келтириши мумкин бўлган зарар, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинларида уларни йўқ қилиш ва олдини олишнинг самарали усуллари муҳокама қилинди.
Мутахассислар зараркунандани бартараф этиш бўйича аниқ тавсиялар бердилар. Мазкур жараёнда фуқаролар, маҳалла фаоллари ва мутасадди ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим экани таъкидланди.

Депутат шунингдек, Амударё ва Элликқалъа туманларида ҳам бўлди. Ўрганишлар давомида Амударё туманидаги “Бойовул” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла еттилиги билан учрашди ва ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш бўйича қилинаётган ишлар, аҳолини иш билан банд қилиш, тўй-ҳашам масалалари юзасидан мулоқот қилинди.
Амударё тумани 30-сонли умумтаълим мактабидаги “Конституция – менинг тасаввуримда” шиори остида ўтказилган викторинада иштирок этган депутат ўқувчилар билан яқиндан мулоқот қилди.
Викторина давомида ўқувчилар мамлакатимиз Конституциясига оид саволлар юзасидан ўз билимларини намойиш этишди. Ғолиб ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Учрашувда ёшларга Конституциянинг жамият тараққиётидаги ҳамда ҳар бир инсон ҳаётида тутган ўрни, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашдаги аҳамияти юзасидан батафсил тушунтириш берилди.

Депутат туман тиббиёт бирлашмаларида ҳам бўлиб, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида яратилган қулайликлар, сўнгги ва замонавий тиббий буюмлар билан таъминланганлик ҳолатини ўрганди. Бу борада белгиланган устувор вазифалар, шунингдек, аёллар саломатлигини сақлаш борасида олиб борилаётган самарали ишлар натижаси билан танишди.
“Элликқалъа” овул фуқаролар йиғинида фуқаролар билан мулоқот давомида гендер тенглиги, зўравонликка ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, аҳолини иш билан банд қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувларда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори асосида аҳолини қийнаб келаётган масалаларга ечим топиш ва уларни бартараф этиш, бандликни таъминлашга қаратилган масалалар юзасидан суҳбатлар олиб борилди, ҳудудларда ишсизликни бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири