Сўнгги йилларда маҳаллалардаги ижтимоий муҳитни соғломлаштириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда ёшлар тарбиясига эътиборни кучайтириш масалалари давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бирига айланди. Шу билан бирга, яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш ва эрта турмуш қуриш ҳолатларининг салбий оқибатларига оид масалалар ҳам жамият диққат марказида турибди. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар соғлом, маънавий етук ва барқарор оилаларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Жорий йил 14 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари мазкур масалага ҳам алоҳида тўхталиб, бу борада амалга ошириш зарур бўлган муҳим вазифаларни белгилаб берган эди. Мазкур топшириқлардан келиб чиқиб, Зангиота туманида юқори алимент қарздорлигини камайтириш ва оилавий масалаларда масъулиятни ошириш мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда вилоятнинг 22 та туман-шаҳар ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, Мажбурий ижро бюроси раҳбарлари ҳамда маҳалла еттилиги вакиллари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди. Учрашув давомида юқори алимент қарздорлигини бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” тушунтирилди, Зангиота тумани мисолида самарали иш тизими ва амалий ёндашувлар намойиш этилди.
Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан алимент ундируви соҳасидаги ишлар тизимли ва манзилли равишда йўлга қўйилган бўлиб, бу борада вояга етмаганлар манфаатларини ҳимоя қилиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда қарздорларнинг жавобгарлигини кучайтириш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Тошкент вилояти бўйича туман ва шаҳар бўлимлари иш юритувида алимент ундируви билан боғлиқ 36 минг 312 та ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, уларнинг умумий маблағи 394,1 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Шундан, 21 минг 859 та иш ҳақидан ушлаб қолиш орқали тўланмоқда. 9 минг 579 нафар қарздор ўзини-ўзи банд қилган ёки инсофли алимент тўловчилар тоифасига киради. 9 минг 833 нафар қарздор эса алимент тўлаш мажбуриятини бажармаётган инсофсиз алимент тўловчилар ҳисобланади.
Жорий йилнинг биринчи тўққиз ойи мобайнида вояга етмаганлар манфаати учун жами 354,8 миллиард сўм алимент маблағи ундирилди. Шундан 219,8 миллиард сўми пластик карталар орқали тўлаб берилган. Шу даврда алимент тўлаш мажбуриятини уч ойдан ортиқ бажармаган 13 минг 981 нафар шахсга нисбатан қонун доирасида чоралар кўрилган.

Шунингдек, Алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан суд қарорларига мувофиқ 295 та ижро иши бўйича жами 12 миллиард 499 миллион сўм маблағ ундирувчиларга тўлаб берилди. Ўтган даврда эса 92 та ижро иши бўйича 331,4 миллион сўм маблағ жамғарма ҳисобига қайтарилиши таъминланган.
Вилоятда алимент ундируви бўйича самарадорликни ошириш, оилаларни яраштириш ҳамда вояга етмаганлар фойдасига бўлган маблағларни ўз вақтида ундириш мақсадида вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг кўрсатмаси асосида аниқ вазифалар белгилаб олинган.

А. Мусаев, ЎзА мухбири