Қарор ва ижро
Маҳаллаларда ёшлар етакчилари фаолиятининг йўлга қўйилиши туфайли ёшлар муаммоларини ҳал қилиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этяпти.
Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бунда асосий дастуриламал вазифасини ўтаяпти.
Ҳозир Тошкент вилоятидаги 1 минг 25 та маҳаллада ёшлар етакчилари иш олиб боряпти. Улар томонидан мунтазам ташкил этилаётган хатлов натижасида ёшларнинг турли таклиф ва муаммолари аниқланяти, улар тегишли тартибда бартараф этилмоқда. Айниқса, йил давомида амалга оширилаётган турли лойиҳа ва дастурлар ёшларни бирлаштириб, ижобий натижаларга эришилмоқда.
Маҳалладаги Ёшлар етакчилари КPI рейтинг-баҳолаш натижалари белгиланган йўналишларда, жумладан, “Ёшлар баланси”ни шакллантириш, “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларини рақамлаштириш, Ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш борасидаги самарадорлик даражалари мунтазам аниқланяпти. Бу борада охирги пайтлар Оҳангарон, Нурафшон, Бекобод ва Чирчиқ шаҳарлари, Пискент, Тошкент, Оҳангарон, Қибрай, Бекобод ва Бўстонлиқ туманларида натижалар юқори бўляпти.
Муҳаммад Юсуфбоев Қуйи Чирчиқ туманининг фаол ёшлар етакчиларидан. Жисмоний имконияти чекланган бўлишига қарамасдан ҳеч қачон ҳаракатдан тўхтамайди, бировдан ёрдам кутмайди. Тинимсиз меҳнати, самимияти туфайли бугун у маҳалла ёшларига ўрнак бўляпти. Қаҳрамонимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан "Жасорат" медали билан тақдирланди.
– Ҳудудимизда бу йил 40 нафар йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилган эди, – дейди Маданият маҳаллаcи ёшлар етакчиси М.Юсуфбоев. – Уларни қизиқишига қараб ҳунармандларга "Устоз-шогирд" анъанаси асосида бириктирдик. Улар ҳам касб сирларини ўрганади ва шунга яраша ойлик ҳам олади. Қизларимизни маҳалламиздаги текстиль корхонасига ишга жойлаштирдик. Олий ўқув юртига киришни истамаган айрим мактаб битирувчиларини сартарошлик, тикувчилик, дурадгорлик ва бошқа меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни ўрганиши учун мономарказга юбордик. Ҳозирга келиб маҳалламизда ишсиз ёшлар йўқ.
Бундан ташқари, “Ёшлар бандлиги дастури” бўйича вилоятда 14 минг 96 нафар ишсиз ёш ва 12 минг 572 нафар мактаб битирувчиси бандлигини таъминлаш белгиланган эди. Ҳозиргача бу борадаги ишлар 82,6 фоизга бажарилди.
Айниқса, ёшлар билан индивудиал ишлаш тизимини жорий этиш мақсадида 14-30 ёшдаги 654 минг 215 нафар ёшнинг ижтимоий аҳволи ўрганилиб, улар 3 та тоифага ажратилди:
1-тоифа тарбияси оғир ва алоҳида ишлашга муҳтож бўлган 20 минг нафардан зиёд ёш вилоят, шаҳар ва туман сектор раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларига индивудиал бириктирилди. Улар орасида пробация назоратидагилар, профилактик ҳисобда турувчи, хорижий миграциядан қайтиб келганлар ва нотинч оилаларнинг фарзандлари бор.
2-тоифа ишсиз, норасмий банд ва вақтинча меҳнат қобилиятига эга бўлмаган, ижтимоий муаммолари мавжуд ёшларга вилоят ва туман (шаҳар) ташкилотлари раҳбарлари бириктирилди.
3-тоифа давлат ва хусусий сектор ҳамда таълимда банд бўлган иқтидорли ёшлардир.
Маълумки, жорий йил 11 апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш мақсадида видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Унда ҳар бир ҳудуддаги алоҳида эътиборга, ижтимоий-моддий жиҳатдан давлатнинг ёрдамига муҳтож бўлган ёшлар рўйхатини шакллантириш ва уларни вилоят, туман, шаҳар ҳокимларига, шунингдек, сектор раҳбарлари ва ташкилот раҳбарларига бириктириш, муаммоларининг ечимини излаш, ғамхўрлик қилиш ва доимий қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқ берилганди.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Оққўрғон ҳамда Қуйи Чирчиқ туманларидаги ўзига бириктирилган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан мунтазам учрашиб, уларнинг ҳаётидаги ўзгаришларни ўрганиб бормоқда. Ташкил этилаётган учрашувларда эса ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш ҳамда муаммоларини бартараф этиш масаласида фикр алмашиляпти. Ўғил-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича “Йўл харитаси” тайёрланиб, ижроси таъминланяпти.
Ўтган вақт давомида ёшларга бириктирилган масъуллар маҳалладан бошлаб вертикал ва горизонтал схема асосида ёшлар билан индивидуал ишлаш тизимини самарали йўлга қўйди. Хусусан, “қизил тоифа”га киритилган ёшлар билан яқиндан ишлаш, уларни доимий назорат қилиш ҳамда ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш мақсадида барча сектор раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, вилоят, туман ва шаҳарлар корхона, ташкилот ва идораларидаги жами 632 нафар раҳбар 40-50 нафардан ёш билан мунтазам равишда индивидуал ишлаяпти.
А.Мусаев, ЎзА мухбири