Маҳаллалардаги имконияти чекланган инсонларни оммавий спортга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитасида маҳаллалардаги ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан, имконияти чекланган ёшларни оммавий спортга жалб этиш масаласи Тошкент шаҳар мисолида кўриб чиқилди.
Йиғилишда пойтахтимизда Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилинди. Шу билан бирга, жорий йилнинг 1-7 декабрь кунлари шаҳарнинг барча туманларида “Паралимпия ҳафталиги” лойиҳаси доирасида оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш ва унга маҳаллалардаги ногиронлиги бўлган шахсларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан биргаликда тегишли масъуллар иштирокида Мирзо Улуғбек ва Олмазор туманларидаги мавжуд маҳаллаларда ҳар бир ногиронлиги бўлган шахснинг адаптив жисмоний тарбия ва спортга қамраб олинишини намуна қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА