Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг дастур ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан 82,3 миллиард сўм, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан 18,7 миллиард сўм миқдорида маблағлар ажратилган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳолининг кенг қатламлари манфаатларини ифода этувчи жамоат ташкилотларининг дастур ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш мақсадида 15 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча маблағ ажратиш белгиланди. Бу, ўз навбатида, жорий йилда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 700 дан ортиқ дастур ва лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишга эса 3000 дан ортиқ жамоат ташкилотларининг иштирок этиш имкониятини яратади.
Бу ҳақда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилишида сўз борди.
ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг дастур ва лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсад-вазифалари ва жамоатчилик назоратининг устувор йўналишлари муҳокама қилинар экан, лойиҳаларга ажратиладиган маблағлар аниқ натижага йўналтирилган бюджет тамойили асосида очиқ танловлар орқали амалга оширилиши зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, Давлат грантлари шаклида ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий муҳит нисбатан оғир бўлган маҳаллаларда жамоат ташкилотларининг 27 миллиард сўмлик 350 дан ортиқ лойиҳалари амалга оширилади. Мазкур лойиҳалар хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, жамиятда ижтимоий онг ва дунёқарашини ўзгартириш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш, ободончиликни, тиббий ва экологик маданиятни юксалтириш, ёшларнинг маънавий-руҳий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш каби йўналишларда давлат органлари билан ижтимоий шерикликда бажарилади.
Шунга кўра, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг “Маҳаллаларда аҳолини, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш” ҳамда “Аҳолига ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказиш, уларнинг онги, маънавий-маърифий дунёқарашини ўзгартириш” мавзуларида давлат грантлари ажратиш учун 2 та танлов эълон қилиш тасдиқланди.
Қайд этилганидек, давлат ижтимоий буюртмалари шаклида бандлик ва меҳнат муносабатлари, ҳуқуқ, тиббиёт, таълим, маданият, туризм, экология, оила ва хотин-қизлар, ёшлар масалалари каби соҳалардаги 11 та давлат органининг давлат ижтимоий буюртмаларини бажаришга 14 миллиард сўм ажратилмоқда. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди давлат органларининг давлат ижтимоий буюртмаларини ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан бажарилишини таъминлаш мақсадида очиқ танлов эълон қилди.
Бундан ташқари, давлат субсидияси шаклида 36 та йирик жамоат ташкилотининг устав фаолияти ва йиллик иш режасини бажаришга 71 миллиард 700 миллион сўм йўналтириш белгиланди. Натижада 860 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, 1300 дан ортиқ ННТни ислоҳотлар ижросига кенг жалб қилиш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, ходимларининг касбий малакасини ошириш каби вазифалар амалга оширилади.
Парламент комиссияси йиғилишида ушбу йўналишдаги масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА