Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлашда устувор вазифалар белгилаб олинди
16:38 / 2026-01-21

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида, шунингдек, Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятини маҳаллаларда кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, маҳаллаларда тинчлик, барқарорлик ва шукроналик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот тадбирларини тизимли ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, шу кунларда республиканинг барча ҳудудларида тарғиботчилар гуруҳлари шакллантирилиб, улар зарур тарқатма материаллар билан таъминланган. Жойларда маънавий-маърифий тадбирлар режа асосида ва тизимли равишда ўтказилмоқда.

Йиғилишда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев томонидан маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш, уларда Ватанга садоқат, жасорат ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлаш, ҳарбий-ватанпарварлик кўникмаларини ошириш бўйича 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар юзасидан ахборот берилди.

Хусусан, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган манзилли дастурлар ишлаб чиқиш, Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида илгари сурилган муҳим ташаббусларни аҳоли, жумладан ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, 85,5 минг нафар ишсиз ҳамда 29,7 минг нафар жиноят содир этишга мойил бўлган “оғир” тоифадаги ёшларни раҳбарларга бириктириш орқали уларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш, соғломлаштириш ва ижтимоий муҳитга мослаштириш чоралари кўрилиши қайд этилди.

Маҳалла ёшлари ўртасида “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларини кенг тарғиб этиш орқали 300 мингдан ортиқ ёшни қамраб олиш, ҳар бир маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида “Қалқон” жамоатчилик патрул гуруҳлари фаолиятини доимий йўлга қўйиш вазифалари белгиланди.  

Бундан ташқари, “Антинарко” ёшлар фронт-офисларини ташкил этиш, волонтёрлар иштирокида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши тарғибот тадбирларини ўтказиш, “Ватан таянчи” ҳаракатини умумтаълим ва касб-ҳунар таълим муассасаларида жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудларда “Жасорат” мактаби ҳарбий йиғинларини ташкил этиш, “Шунқорлар” ҳарбий-ватанпарварлик спартакиадаси доирасида “Ватанпарварлар”, “Ёш чегарачи”, “Ёш қутқарувчи”, “Ёш гвардиячи”, “Шунқорлар” ҳамда “Амир Темур авлодлари” мусобақа ва танловларини юқори савияда ўтказиш вазифалари белгиланди.

Шу билан бирга, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида спорт мусобақалари, акция ва тадбирларни ташкил этиш, ёшлар учун ҳарбий қисмларга саёҳатлар уюштириш орқали уларнинг ҳарбий-ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида фаолиятида намуна бўлаётган, фидойи “маҳалла еттилиги” ходимларини рағбатлантириш, шунингдек, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА