Ўзбекистон Республикаси Президенти “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
а) ёшлар муаммолари билан индивидуал ва манзилли ишлаш орқали ёшлар етакчилари фаолияти самарадорлигини ошириш;
б) ёшларнинг касбий қизиқишларини барвақт аниқлаш орқали меҳнат бозорига рақобатбардош кадр сифатида кириб боришини таъминлаш;
в) ёшларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтириш орқали улар онгига турли салбий таъсир кўрсатувчи ғоявий таҳдидларга маҳалла даражасида қарши курашиш;
г) ёшларга оид маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва доимий равишда янгилаб бориш жараёнларини рақамлаштириш орқали ёшларнинг ижтимоий аҳооли ҳақидаги маълумотлар базасини шакллантиришга жалб этиладиган меҳнат ресурслари самарадорлигини ошириш.
Ёшлар билан ишлаш тизимининг асосий вазифалари умуммиллий ривожланиш мақсадларига эришишда ёшлар салоҳиятидан унумли фойдаланиш маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимининг устувор вазифаси этиб белгиланди.
"Улкан мақсадлар, самарали меҳнат, оқилона турмуш" ғояси асосида ёшларда улкан марраларни забт этишда ўзига бўлган ишонч ва ирода шакллантирилади, билим ва интизом билан меҳнат қилиш кўникмалари кучайтирилади, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва ўз ахлоқи билан бошқаларга ўрнак бўлиш каби ҳаётий қадриятлар оммалаштирилади.
Фармонга мувофиқ, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг асосий вазифалари белгиланди. Улар:
а) ёшларнинг ўзига бўлган ишончини ошириш, жамият учун фойдали ва умуммиллий манфаатларга хизмат қилишга қаратилган лойиҳаларни маҳалла даражасида амалга ошириш;
б) ёшларнинг шахсий ривожланишига, уларнинг иқтидори ва истеъдодини руёбга чиқаришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш, "Беш ташаббус олимпиадаси"ни ёшлар ўртасида кенг тартиб қилиш;
в) меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларнинг тадбиркорлик кўникмалари ва ўз тақдири учун масъулият ҳиссини кучайтириш орқали бандлигига кўмаклашиш;
г) "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларга кўрсатиладиган ёрдамнинг ижтимоий ҳамкорлик тамойилига асосланишини таъминлаш.
Ушбу бандда назарда тутилган асосий вазифаларга боғлиқ бўлмаган бошқа вазифа ва топшириқларни ёшлар етакчилари зиммасига юклаш тақиқланади. Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси ёшлар етакчилари вазифаларига кирмайдиган ишларга жалб этилмаслигини қатъий назоратга олинади.
"Маҳалла еттилиги" ва таълим муассасалари ўртасида ёшлар, жумладан, умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчиларини қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидаги ҳамкорлик қилиш тизими жорий этилади:
а) мактабларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ҳар ойда синф раҳбари ва мактаб психологи ҳамкорлигида хулқ-атворида муайян мураккабликлар кузатилган ўқувчилар ҳамда битирувчи синф ўқувчилари ўртасида қўшимча фанлар, хорижий тиллар ва касбларни ўрганиш, спорт турлари билан шуғулланиш ҳамда меҳнат фаолиятига қизиқиш билдирган ўқувчиларни аниқлайди. Ушбу ўқувчиларнинг рўйхати шакллантирилиб, белгиланган тартибда ёшлар етакчиси ва маҳалла раисига тақдим этилади;
б) ёшлар етакчилари:
мактабларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари томонидан тақдим этилган рўйхат асосида битирувчи синф ўқувчиларининг фан, хорижий тиллар, спорт турлари билан шуғулланишига ва касбларни ўрганиш истаги бўлган ўқувчиларнинг "Келажак" марказлари ҳамда хусусий ўқув марказларида таҳсил олишига кўмаклашади;
хулқ-атворида муайян мураккабликлар кузатилган ўқувчилар учун уларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда индивидуал ривожланиш йўналишларини белгилайди;
маҳалла ҳудудидаги мураббийлар, касб эгалари ва тадбиркорлар билан ҳамкорликда ўқувчилар учун устозлик тизимини йўлга қўяди;
хулқ-атворида муайян мураккабликлар кузатилган ўқувчиларни давлат ва нодавлат таълим муассасаларидаги тўгаракларга йўналтиради;
в) ҳоким ёрдамчилари меҳнат фаолиятини олиб бориш истаги бўлган мактаб ўқувчиларини тегишли маҳалла ҳудудида жойлашган корхоналарга йўналтириб, уларнинг касб ўрганишига ва келгусида ишга жойлашишига, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур воситалар билан таъминлашга кўмаклашади.
Ёшлар ишлари агентлиги 2026 йил 1 февралга қадар "Ёшлар дафтари" ва "Ёшлар портали" электрон платформалари негизида "Ёшлар ягона электрон платформаси" ахборот тизимини яратади.
2026 йил 1 февралдан бошлаб "Ёшлар дафтари" жамғармасидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар бўйича аризаларни тақдим этиш, уларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қарор қабул қилиш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Ёшлар ягона электрон платформаси орқали амалга оширилади.
ЎзА