“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” – бу фақатгина ташқи кўриниши янгиланган ҳудуд эмас, балки инсон қадри, аҳоли фаровонлиги, ижтимоий адолат ва барқарор тараққиёт тамойилларига асосланган янги ҳаёт муҳитини ифода этувчи замонавий маҳалла модели ҳисобланади. Ушбу концепция доирасида маҳаллаларда замонавий инфратузилма яратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилаш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини шакллантириш устувор вазифа этиб белгиланган.
Айни пайтда мазкур ташаббус мамлакатимизда маҳалла институтини янги босқичга олиб чиқиш, уни фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги, ҳамжиҳатлиги ва ташаббускорлигини шакллантирадиган муҳим маконга айлантиришга хизмат қилмоқда.
Ушбу ислоҳотлар Бухоро вилоятининг чекка ҳудудларидан, хусусан, Қоракўл тумани маҳаллаларида ҳам изчил амалга оширилмоқда. Тумандаги Сайёт, Кетмондўғди ва Човли маҳаллаларига “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақомининг берилиши мазкур ҳудуд аҳолиси учун янги тараққиёт босқичининг бошланиши бўлди.

Шу муносабат билан туман ҳокими Хуршид Тохиров мазкур маҳаллаларда бўлди. Аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди. Учрашув давомида маҳаллаларни комплекс ривожлантириш бўйича режалаштирилган бунёдкорлик ишлари, инфратузилмавий лойиҳалар ҳамда ижтимоий-иқтисодий дастурлар атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг батафсил тақдимоти ўтказилди. Ҳар бир йўналиш бўйича аниқ режалар аҳолига етказилди. Жумладан, маҳаллаларда ички ва ташқи йўлларни капитал таъмирлаш, ички кўчаларни асфальтлаш ва ободонлаштириш, ичимлик суви тармоқларини янгилаш, электр таъминотини барқарорлаштириш, канализация ва дренаж тизимларини яхшилаш, ижтимоий объектлар (мактаб, боғча, тиббиёт масканлари, маданият уйлари)ни реконструкция қилиш, аҳоли учун янги савдо, маиший хизмат ва сервис шохобчаларини ташкил этиш, замонавий дам олиш масканлари, яшил ҳудудлар ва болалар майдончаларини барпо этиш каби кенг қамровли ишлар амалга оширилиши белгиланди.

Маҳалла фуқаролари томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар ҳам эътибор билан тингланди. Айниқса, аҳоли томонидан ички йўлларни сифатли таъмирлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар ўргатиш марказларини ташкил этиш, тадбиркорлик фаолияти учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиш, оилавий бизнес ва хонадонларда ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Туман ҳокими ажратилган маблағлар давлат томонидан ҳудудларга, хусусан, қоракўллик фуқароларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси эканини таъкидлади.
Мазкур ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлар натижасида Сайёт, Кетмондўғди ва Човли маҳаллалари нафақат туман, балки вилоят миқёсида ҳам намунавий маҳаллалардан бирига айланиши кутилмоқда. Бу маҳаллалар замонавий қиёфага эга, инфратузилмаси ривожланган, ижтимоий хизматлари сифатли, аҳолиси фаровон ҳаёт кечираётган ҳудуд сифатида шаклланади.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири