Сирдарё вилояти маҳаллаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш ва аҳоли муаммоларини тезкор ҳал этиш мақсадида янги манзилли назорат тизими йўлга қўйилди. Ушбу тизим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда. Мазкур қарорга мувофиқ, вилоят ва туман, шаҳар раҳбарлари тегишли муассасаларга бириктирилиб, маҳаллалардаги ҳар бир масала самарали ва тезкор ҳал этиш механизми йўлга қўйилди.
Шу асосда Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Зохидов Боёвут туманида бўлиб, ўзига бириктирилган маҳалла аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда фуқароларнинг турли соҳалардаги эҳтиёжлари ва ижтимоий хавотирлари атрофлича муҳокама қилинди, маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш чоралари ҳам эътибор марказида бўлди.

Мулоқотда энг асосий масалалар сифатида аёллар жиноятчилиги, оилалардаги низолар ва ажрим ҳолатлари, шунингдек, спиртли ичимлик ва гиёҳвандликка руҳ қўйган шахслар билан профилактик ишлар самарали ташкил этиш кўтарилди. Шу мақсадда маҳалла, ижтимоий хизматлар, тиббиёт ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлигида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бу чоралар аҳоли хавфсизлигини тизимли таъминлаш, жиноятчилик ва ижтимоий муаммоларнинг олдини олишга қаратилган.

Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинди ва уларни жойида ҳал этиш бўйича аниқ йўналишлар ҳамда тавсиялар берилди. Маҳалла ва масъул органлар қонуний чоралар кўриш, ижтимоий-иқтисодий ёрдамни самарали тақсимлаш ва профилактик тадбирларни давом эттириш бўйича аниқ вазифаларга йўналтирилди.
Бундай очиқ мулоқотлар маҳаллаларда аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарлик ва ижтимоий муаммоларнинг барвақт олдини олиш ҳамда барқарор хавфсиз муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур тизимнинг доимий амалга оширилиши маҳаллаларда ижтимоий тартибни сақлаш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва маҳаллий жамоаларда ишонч муҳитини мустаҳкамлашда асосий омил ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири