Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишда илмий ёндашув, амалий чоралар ва натижадорликка аҳамият қаратилмоқда
16:28 / 2026-02-03

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда йирик бозорлар ва гавжум жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратилди.

– Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш – энг долзарб вазифаларидан бири, – дейди Криминология тадқиқот институти Маҳаллаларда жиноятчиликни илмий тадқиқ қилиш маркази бош илмий ходими Умид Мирзатиллаев. – Шу мақсадда институтимиз илмий жамоаси Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманига бириктирилиб, жойларда манзилли ва тизимли ишларни бошлади. Жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда самарали профилактика тизимини йўлга қўйиш мақсадида 2026 йилда Яккасарой туманига Олий суд раиси, Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов ҳамда Криминология тадқиқот институти бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев бириктирилди.

Дунё миқёсида турли таҳликали вазиятлар, уруш ва қарама-қаршиликлар авж олаётган бир пайтда, юртимизда тинчлик ва осойишталик сақланиб қолаётгани тасодиф эмас. Бу давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётгани натижасидир.  

Яккасарой туманидаги жиноятчилик ҳолати таҳлил қилинганда, 2025  йилда олди олиниши мумкин бўлган 365 жиноят содир этилгани аниқланди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 21 фоизга камайган. Шу билан бирга, айрим турдаги жиноятлар, хусусан, безорилик ҳолатлари 112 фоиз (2024 йилга нисбатан 1,2 баравар)га ошгани алоҳида эътибор талаб қилади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан бири – ижтимоий қийин аҳволга тушиб қолган аёллар билан профилактика ишларининг етарли даражада йўлга қўйилмаганидир. Жорий йилда туманда 22 жиноят аёллар томонидан содир этилган бўлиб, улар орасида ўғрилик, фирибгарлик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар мавжуд.

Шу боис, маҳалла, оила ва хотин-қизлар бўлимлари ҳамкорлигида профилактика ишлари кучайтирилмоқда. Аёллар билан психологлар, ижтимоий ходимлар ва профилактика инспекторлари иштирокида манзилли иш олиб борилмоқда.  

Бундан ташқари, ҳокимнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, ИИБ профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари иштирокида оилавий ажримлар бўйича суд қарорларининг ижросини таъминлаш, яраштириш чораларини кучайтириш ҳам назарда тутилмоқда.

– Оила-турмуш муносабатлари доирасида аёллар ва ёшлар томонидан содир этиладиган жиноятларни “илмий хулоса – тавсия – натижа” тамойили асосида жойларга чиққан ҳолда мақсадли илмий-амалий ўрганишларни ўтказиш орқали самарали ташкилий-ҳуқуқий чоралар белгиланмоқда, – дейди Криминология тадқиқот институти Жиноятчилик тенденцияларини илмий тадқиқ қилиш маркази етакчи илмий ходими Мухаммадмирзохон Аълохонов. – Маҳаллаларда “Рақамли хавфсиз маҳалла” концепциясини амалга оширган ҳолда маҳалланинг барча кириш-чиқиш ҳудудини комплекс назорат қилиш (камералаштириш) йўлга қўйилади. Электрон дастур орқали ҳудудда ҳаракатланаётган фуқаролар, қидирувдаги шахслар, транспорт воситаларини тезкор аниқлаштириш, жамоат жойларида юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий тартиббузарликлар ҳақида автоматик сигнал бериш тартиби жорий этилади.  

Бандлиги таъминланмаган фуқароларнинг электрон рўйхатини шакллантириш, мономарказлар орқали уларга иш топиб бериш, бандлиги таъминланмаган меҳнатга лаёқатли шахсларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш, уларга дастурлар доирасида кредит ёки субсидиялар олишига ҳар томонлама кўмаклашиш каби ишлар мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Туман маҳаллаларида доимий равишда "Ижтимоий профилактика ҳафталиги" ўтказилади. Тадбир давомида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, муаммоларни ўрганиш, аҳоли ўртасида соғлом муҳит яратиш ва фуқароларда маҳаллага дахлдорлик ҳиссини уйғотиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.  

Умуман, Яккасарой тумани маҳаллаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар илмий таҳлил, манзилли профилактика ва идоралараро ҳамкорликка асосланган янги ёндашув асосида олиб борилмоқда.  

Криминология тадқиқот институти мутахассислари иштирокида жиноятчилик омилларини барвақт аниқлаш, аёллар ва ёшлар билан мақсадли ишлаш, рақамли технологиялардан фойдаланиш ҳамда аҳолини бандликка жалб этиш орқали криминоген вазиятни барқарорлаштиришга эришилмоқда.  

Н.Абдураимова, ЎзА