French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратилмоқда
20:07 / 2025-12-04

Фарғона вилояти Қува туманидаги “Гўзал” маҳалла фуқаролар йиғини беш йил давомида жиноятчилик кўп содир этиладиган, “қизил” тоифадаги оғир ҳудуд сифатида қайд этилган эди. Бу ҳолатдан чарчаган маҳалла аҳли туман давлат ва жамоат ишларида катта тажрибага эга Аҳрор Қурбоновни маҳалла раислигига сайлади. Йигирма бештага яқин кўп қаватли уйлар жойлашган, одамлар тез-тез алмашиб турадиган бундай ҳудудда вазиятни изга солиш осон эмасди. Ишсизлик, миграция билан боғлиқ муаммолар ҳам кўп. Аммо янги раис кеча-ю кундузи тиним билмади. У профилактика инспектори билан ҳамкорликда оилалар ўртасидаги келишмовчиликларни ўрганди. Низоларни ўз вақтида жойида тинч йўл билан ҳал қилди.

– Янгича тизим асосида ишлаш натижасида жорий йилдан ҳудудимиз “яшил” тоифага ўтди, — дейди раис А. Қурбонов. — Бугун 740 та оилада истиқомат қилувчи 3 минг 100 нафардан зиёд аҳоли учун “Хавфсиз маҳалла” тамойили амалга оширилмоқда. Яқин кунларда давлат – хусусий шериклик асосида маҳалла учун замонавий бино қурилиши ҳам бошланади.

Фарғона вилоятида ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслар “маҳалла еттилиги” эътиборидан четда қолмаяпти. Ўзаро ҳамжиҳатликда олиб борилаётган ишлар самараси ўлароқ, вилоятда 60 та МФЙ “қизил” тоифадан “яшил”га ўтказилди.

Президентимиз томонидан жорий йил 3 январда қабул қилинган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Қарор ижроси доирасида Фарғона вилоятида 6 та ички ишлар бўлинмаси ўрнида 20 та замонавий ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилди. Шунингдек, 116 та оғир ва 12 та мураккаб тоифадаги маҳаллаларга маҳаллий ҳокимлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари бириктирилди.

– Қарор асосан “Ижтимоий профилактика” тизимига қаратилган, шу боис оғир аҳволдаги маҳаллалар ва ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолига алоҳида эътибор берилмоқда, — дейди Фарғона вилояти ИИБ бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Ёрқинжон Пирматов. — 19 та шаҳар ва туманда “Ижтимоий профилактика масканлари” ташкил этилди. Бу масканлар мутасадди раҳбарларни аҳолига яқинлаштириб, маҳалла ва аҳоли ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлади. Маҳаллалар кесимида “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” этиб белгилаб қўйилди. Охирги уч ойда маҳаллаларнинг кириб-чиқиш жойлари, кўчалар, савдо ва маиший хизмат масканларига 550 га яқин камералар ўрнатилди. Ҳар бир маҳаллада хавфсиз кўча ва хавфсиз йўлаклар барпо этилди.

М.Сулаймонов, ЎзА