Давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 январда имзоланган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини амалиётга татбиқ этиш мақсадида ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятида ўрганиш ишларини бошлади.
Ички ишлар вазири Ургут тумани Мерганча маҳалласида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва “маҳалла еттилиги” фаолияти, шунингдек, тартибли меҳнат миграцияси бўйича тақдимот билан танишди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, ишчи гуруҳ маҳаллада иш услуби самарасиз ташкил этилгани, профилактика инспекторининг ишлари қониқарсиз эканлиги боис маҳалла “қизил” тоифага тушиб қолганлигини танқид қилди.
Туман секторлари раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирокида ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбарининг қарори моҳияти, уни амалга ошириш механизмлари юзасидан фикрлар билдирилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.
П.Бобожонов Тойлоқ тумани Чароғбон маҳалласида ҳам бўлиб, туман секторлари раҳбарлари иштирокида мазкур ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва “маҳалла еттилиги” фаолияти, шунингдек, ичкиликка ружу қўйган, гиёҳванд, руҳий касаллар ва бошқа ижтимоий кўмакка муҳтож шахсларга манзилли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича тақдимот билан танишди.

Мулоқот давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини “Йўл харитаси” асосида тўлиқ ижро этиш ҳамда ижтимоий профилактика тизимини самарали йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиб, фуқаролар, айниқса, ёшлар ва аёлларнинг бандлигини таъминлаш бўйича масъулларга зарур тавсия ва топшириқлар берилди.

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи Пастдарғом тумани маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди.
Жумладан, ўтган йил вилоят учинчи сектори томонидан “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезони асосида бунёдкорлик ишлари амалга оширилган Гўзалкент маҳалласида туман секторлари раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” ва бошқа масъуллар иштирокида “Намунали хавфсиз кўча“ ва “Намунали хавфсиз йўлак“ жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

Шунингдек, республика ишчи гуруҳи туманда “Хавфсиз бозор” намунасини яратиш, видеокамера, сигнализация, ташвиш тугмаси, хавф-хатардан хабар берувчи ускуна, автотураргоҳ ташкил этиш бўйича Пастдарғом туманидаги “Жума деҳқон бозори”да амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ишчи гуруҳ вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда ижросини таъминлаш ишларини олиб бормоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири