Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори Мирзоҳид Убайдуллаев маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Бухоро вилояти Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров ҳамроҳлигида дастлаб туманнинг энг олис Чандиробод маҳалласига борилди. Ушбу маҳаллада яшовчи тадбиркор Давронбек Бобомуродов анча вақтдан буён супурги ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келади. Бир қараганда кам даромадли туюладиган ушбу ҳунар ҳозирда маҳалла аҳолисининг асосий даромад манбаига айланган. Тадбиркор ишлаб чиқараётган супурги ҳатто хорижга ҳам экспорт қилинмоқда.


–Жорий йилдан ушбу маҳсулотни янада кўпроқ ишлаб чиқариш мақсадида паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган ерлардан аҳолига ажратиб берилган 45 гектар ер майдонига “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида супурги етиштиришни йўлга қўйдик, – дейди туман ҳокими ёрдамчиси Ғ.Назаров. – Шу орқали 80 нафар эҳтиёжманд аҳолининг бандлигини таъминланди.
Супурги етиштиришни оилавий касбга айлантирган оилавий корхона соҳиблари ҳар йили 150 минг дона супурги боғлаб, 300 миллион сўм атрофида даромад олади.


– Супургичилик йўналишининг машаққатлари кўп, лекин даромади яхши бўларкан, – дейди Давронбек Бобомуродов. – Ҳатто унинг пояси ва донини чорва учун тайёр озуқа сифатида ишлатиш мумкин.
Дарғабоғи маҳалласида оддий уй шароитида чорва боқиб, даромад топаётган оилалар кўпчиликни ташкил этади. Маҳалланинг деярли ҳар бир хонадонида қорамол боқилади. Зокир ака Сайлихонов ҳам бу борада кўпга ибрат бўлиб келмоқда. Айни кунда ушбу хонадонда 50 дан ортиқ қорамол парваришланмоқда.

– Қорамол боқиш бўйича орттирган тажрибамиз эвазига мўъжазгина ҳовлимизда парвариш қилаётган қорамолларимизни ҳар 4 ойда сўйишга тайёр ҳолатга олиб келамиз, – дейди Зокир ака. Ҳар бир молдан ўртача 3-3,5 миллион сўм даромад қолишини ҳисобга олсак, ушбу вақт мобайнида кўрадиган соф фойдамиз 150 миллион сўмни ташкил қилади.
М.Убайдуллаев туманда аҳолини камбағалликдан чиқариш йўлида қилинаётган ишлар билан яқиндан танишар экан, ушбу жараёнда бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга доир ўз тавсияларини ҳам бериб ўтди.
Зариф Комилов, ЎзА