Сирдарё вилояти Ховос тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан туманнинг Мустақиллик маҳалласида қандолатчилик, новвойлик, тикувчилик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳамда Фарғона тажрибасини маҳаллада татбиқ этиш бўйича “Фарғона тажрибаси амалда” номли кўргазмали семинар ташкил этилди.
Унда вилоят масъуллари, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, отинойилар, нуронийлар, тадбиркор ва депутат аёллар, фаол хотин-қизлар ҳамда маҳалла аҳолиси иштирок этди.
Кўргазмали семинарда чекка ҳудудларнинг инфраструктурасидан келиб чиқиб, кичик ҳунармандчилик бозорларини ташкил этиш, ҳунармандлар маҳсулотлари онлайн савдосини йўлга қўйишга кўмаклашиш, мактабларни ҳунармандчиликка оид қўлланмалар билан таъминлаш, ҳунармандларни зарур хомашё ва инфратузилма билан таъминлашни йўлга қўйиш ҳамда уни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Мустақиллик маҳалласидаги қўл меҳнатига асосланган тадбиркорлик субъектларини бирма-бир кўздан кечирилди, миллий қадриятларимиз ва миллий ҳунармандчилик намуналари намойиш этилди.
Маҳалланинг пир-у бадавлат онахонлари ҳар баҳорда юртимизга тинчлик, қут-барака сўраб яхши ниятлар билан сумалак тайёрлашни анъанага айлантирган. Иштирокчиларга кўкламнинг тансиқ таоми бўлган сумалак улашилди.
Тадбир сўнгида Ўзбекистон жаҳон халқлари маданияти ривожига сезиларли ҳисса қўшиб келаётганлиги, бугун дунёнинг кўплаб музейларида сақланаётган осори-атиқаларимиз, амалий санъат намуналари барчамизнинг кўзимизни қувонтириши ҳамда ушбу маданият анъаналарини муносиб давом эттириш, уни асраб-авайлаш ва келажак авлодга муносиб равишда етказиш лозимлиги таъкидланди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА