Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарлигида Оқолтин туманида “Қизил” тоифага киритилган 4 та маҳаллада “Фавқулодда вазиятлардан ҳоли маҳалла” кенг қамровли профилактик тадбири ўтказилди.
Тадбир аввалида профилактик-назорат ишларига жалб этилган шахсий таркибга хизмат олди йўриқномаси ўтказилди. Ҳар бир хонадон синчковлик билан текширилди, ис газидан заҳарланиш ҳолатлари, дудбурон ва иситиш мосламалари, электр тармоқларидаги носозликлар ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилди.


Маълумотларга кўра, тумандаги 11 та маҳалланинг 4 таси “Қизил” тоифага киритилган бўлиб, барча шаҳар ва туманлардан жалб этилган 50 нафарга яқин фавқулодда вазиятлар давлат инспекторлари томонидан 28 та кўп қаватли уйдаги 324 та хонадон ҳамда 626 та якка тартибдаги уй-жой кўздан кечирилди.
Ўрганишлар натижасида жами 377 та камчилик аниқланди. Шулардан 216 таси фавқулодда вазиятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар сифатида баҳоланиб, жойида бартараф эттирилди. Қолган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди ва ижроси назоратга олинди.


Шунингдек, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, ис газидан заҳарланиш, ёнғин ва бошқа турдаги нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича 1200 дан ортиқ эслатма ва тарғибот материаллари тарқатилди. Фуқароларга хавфсизлик қоидалари, газ ва электр жиҳозларидан тўғри фойдаланиш ҳамда мавсумий иситиш воситаларини текширувдан ўтказиш зарурлиги ҳақида амалий тавсиялар берилди.
– Яқинда вилоятнинг Сайхунобод туманида “Қизил тоифа”га киритилган маҳаллалар — Турон, Гулбулоқ, Дўстлик, Бахмалсой, Нурли йўл, Ўрикзор, Иттифоқ, Пахтаобод ва Синтопдаги аҳоли хонадонлари ва инфратузилма ҳолати ўрганилганди. Натижада 817 та камчилик аниқланиб, улар юзасидан туман ҳокимлиги, газ ва электр таъминоти корхоналари ҳамда маҳалла раисларига расмий тақдимномалар киритилганди. Шу боисдан бундай профилактик тадбирлар аҳолининг хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Даврон Сулаймонов, Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи. – Улар орқали нафақат ис газидан заҳарланиш ва ёнғин хавфлари камайтирилади, балки аҳоли ва шахсий таркиб орасида хавфсизлик маданияти мустаҳкамланади. Барча хонадонлар ва уй-жойлардаги камчиликларни бартараф этиш бевосита “Фавқулодда вазиятлардан холи маҳалла” концепциясини амалга оширишга хизмат қилади.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири