Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳамда қатор тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳоли хонадонларида фавқулодда вазиятларнинг юзага келиш хавфини камайтиришга қаратилган профилактик чоралар кўрилди.
Жумладан, ёнғин, ис гази билан заҳарланиш, чақнаш каби бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, электр энергияси, табиий газ ва муқобил ёқилғи турларидан ҳамда иситиш печларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатларининг олдини олиш масалалари илмий-техник ёндашувлар асосида ўрганилди.

Ўрганиш ишлари маҳаллаларнинг географик жойлашуви ва табиий хусусиятларини, жумладан, паст-баланд ҳудудлар, сел ва бошқа хавф омилларини инобатга олган ҳолда, шаҳар марказига яқин, ўрта ва олис ҳудудларда жойлашган маҳаллаларни танлаб олиш асосида ташкил этилди. Шунингдек, сўнгги беш йил давомида содир бўлган фавқулодда вазиятларнинг статистик маълумотлари, уларнинг оқибатлари ҳамда илмий-техник ҳисоб-китоблар таҳлили асосида манзилли ёндашув қўлланилди.

Тадбирлар давомида дудбурон, печ ва мўрконлар ҳамда шамоллатиш тизимларининг ҳолати, носоз электр розетка ва виключателлар, электр автоматлари, сим ва кабелларнинг созлиги, газ таъминоти қурилмаларида газоанализаторларнинг мавжудлиги, тежамкор газ горелкалари ўрнатилиши, электр симларининг гофра орқали изоляция қилиниши, газ жиҳозларини техник созлаш ва мойлаш ишлари, шунингдек, газ қувурлари жўмраклари ҳамда маиший газ ускуналарининг махсус шланглар орқали улангани каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур профилактик тадбирларнинг асосий мақсади маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш ишларини “маҳаллабай” ва “хонадонбай” тизими асосида йўлга қўйиш, “Маҳалламизни фавқулодда вазиятлардан ҳимояланган ҳудудга айлантирамиз” шиори остида аҳолининг хавфсизлик маданиятини юксалтиришдан иборатдир.
Қайд этилганидек, ҳозирги кунда ҳар бир маҳалла бўйича алоҳида “Хавф индикатори” ишлаб чиқилиб, хонадонлар хавф даражасига кўра “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилмоқда. “Қизил” тоифадаги хонадонларда кучайтирилган профилактика тадбирлари олиб борилиб, уларни босқичма-босқич “яшил” тоифага ўтказиш чоралари амалга оширилмоқда.

Ушбу ишларни самарали ташкил этишда фавқулодда вазиятлар органлари инспекторлари ҳамда "маҳалла еттилиги" ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиб, мазкур механизм аҳоли хавфсизлигини таъминлашда муҳим натижаларга эришишга хизмат қилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА